Қирғизистон парламенти собиқ давлат раҳбари Сооронбай Жеенбековни собиқ президент мақомидан маҳрум қилишни таклиф қилмоқда.
Қирғизистонда Сооронбай Жеенбеков собиқ президент мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Жўқорғу Кенеш депутати Оқилбек Тумонбоев Озодлик радиосига маълум қилишича, бу чорани қўллаб-қувватловчи овозларни йиғиш жараёни деярли якунланиб қолди.
Агар Жеенбеков собиқ президент мақомидан маҳрум қилинса,у барча имтиёзлардан, жумладан, жиноий жавобгарлик дахлсизлигидан ва моддий имтиёзлардан ҳам маҳрум қилинади.
Имтиёзларга давлат қароргоҳида бепул яшаш, хавфсизлик хизматининг қўриқчилари, транспорт ҳамда оиласи билан бепул тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқи киради.
Қирғизистоннинг бешинчи президентини собиқ президент мақомидан маҳрум қилиш ҳақидаги таклифни Тумонбоев ва қатор депутатлар аввал ҳам берган.
“Мен Сооронбай Жеенбековнинг “Ала-Арча” давлат резиденциясида яшаши учун сарфланадиган харажатларни ҳисоблаб чиқиш, унинг ҳимоясини таъминлаш ва дам олишини таъминлашни ҳисоблашни топширдим. Нафақат унинг ўзи, балки оила аъзолари ва қариндошлари ҳам имтиёзлардан фойдаланадилар. Мен бу масалани парламентда кўтараман, қонун лойиҳасини киритаман, президент Садир Нурғўзоевичга мурожаат қиламан ва бу одамдан собиқ президент мақомини олиб ташлашга ҳаракат қиламан, чунки у бу мақомга лойиқ эмас”, деган эди Тумонбоев февраль ойида.
Қирғизистоннинг беш собиқ раҳбаридан фақат иккитаси собиқ президент мақомига эга: Роза Отунбоева ва Сооронбай Жеенбеков. Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиевлар мамлакатдан қочиб кетган. Алмазбек Атамбаевнинг дахлсизлиги парламентдаги овоз бериш натижасида бекор қилинган. Сооронбай Жеенбеков эса 2020 йил октябрдаги тартибсизликлар натижасида истеъфога чиққан ва собиқ президент мақомини сақлаб қолган.
Қирғизистонда Сооронбай Жеенбеков собиқ президент мақомидан маҳрум этилиши мумкин

Қирғизистоннинг беш собиқ раҳбаридан фақат иккитаси собиқ президент мақомига эга: Роза Отунбоева ва Сооронбай Жеенбеков.