Ссылки доступа

Бир оиланинг 22 аъзосини ўлдиришда иштирок этган собиқ жангарига жазо кучайтирилди


Аввалроқ суд уни 12 йилга озодликдан маҳрум қилган, бироқ фуқаролик урушининг барча иштирокчиларига 1998 йилда берилган амнистияни ҳисобга олиб, бу жазони 8 йилгача камайтирган эди.

Тожикистондаги фуқаролар уруши (1992-1997) даврида содир этган қотилликлари учун собиқ жангарига ҳукм қайта кўриб чиқилди. У 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Аввалроқ Бохтар шаҳар суди уни 12 йилга озодликдан маҳрум қилган, бироқ фуқаролик урушининг барча иштирокчиларига 1998 йилда берилган амнистияни ҳисобга олиб, бу жазони 8 йилгача камайтирган эди.

Прокуратура бу ҳукмдан норози бўлиб, Олий суддан ҳукмни қайта кўриб чиқишни ва Солиҳовни узоқроқ муддатга озодликдан маҳрум этишни сўраган. Прокуратура жазони енгил ва қилинган жиноятга мос эмас деб ҳисоблаган.

Собиқ Халқ фронти қўмондони Хўжанинг қўриқчиси Юсуф (Жўрабек) Солиҳов 1992 йил кузида 10 нафар жангари билан бирга Хуросон вилоятида бир оиланинг 22 нафар аъзосини ўлдиришда иштирок этганликда айбдор деб топилди. Оиланинг икки нафар аъзоси тирик қолган ва Солиҳовга қарши кўрсатма берган.

Унинг ўзи бу айбловларни рад этган. У қуролланган одамлар билан уйга бостириб кирганини, лекин шахсан ўзи ҳеч кимни ўлдирмаганини айтган.

90-йилларда Россияга қочиб кетган ва ўша ерда яшаб юрган Солиҳов 2023 йил июлида ҳибсга олинган ва Душанбега экстрадиция қилинган.

Халқ фронтининг собиқ дала қўмондони Хўжа Каримов ҳам, Тожикистондан қочганидан 20 йил ўтиб, Дубайда қўлга олинган ва Душанбега экстрадиция қилинган. 2022 йил февраль ойида у 21 йилга қамалган.

XS
SM
MD
LG