Қозоғистонлик мухолифатчи, “Бәсе” ахборот канали раҳбари Айдос Садиқовга уюштирилган суиқасд учун Қозоғистон ҳукумати, ҳусусан президент Қосим-Жўмарт Тўқаев маъсул.
Бундай айбловни мухолифатчининг рафиқаси, журналист Наталья Садиқова Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали илгари сурди.
“Киевда Айдос Садиқовга суиқасд содир этилиши шунчаки қўрқитиш эмас, уни мақсадли тарзда ўлдиришмоқчи бўлган”, деб ёзди мухолифатчининг рафиқаси.
Айдос Садиқовга суиқасд 18 июнь куни эрталаб уюштирилган. Номаълум шахс Садиқов машинада ўтирган пайтда уни ўққа тутган. Мухолифатчи касалхонага олиб кетилган, автомобилда унинг ёнида ўтирган хотини эса жабрланмаган. Садиқовнинг ҳолати барқарор оғир эканлиги айтилмоқда. Полиция ҳужумчини қидиришга киришган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев журналистга уюштирилган суиқасдга муносабат билдирди.
У Остонадаги тантанали тадбирда айтганидек, Қозоғистон қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлидан боради.
«Сиз менинг принципиал позициямни биласиз: мамлакатда қонун ва тартиб ҳукмрон бўлиши керак. Жамиятимиздаги барча низо ва келишмовчиликлар фақат қонунчилик доирасида, амалдаги қонунчилик асосида, асосий халқаро стандартларга мувофиқ ҳал этилиши керак. Кеча Киевда Қозоғистон фуқароси Айдос Содиқовга нисбатан содир этилган жиноятни айнан шу нуқтаи назардан, кўриб чиқиш зарур», деди у.
Тўқаев ТИВ ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ушбу жиддий воқеа юзасидан Украина томонига расмий сўров юборишни топширганини айтди. Агар керак бўлса, Қозоғистон расмийлари ҳақиқатни аниқлашда ёрдам бериш учун терговга қўшилишга тайёр, деб қўшимча қилди у.
Айдос Садиқов Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлиб ҳисобланади. Хусусан, у Тоқаевни россияпарастликда айблаб келади.
Эр-хотин Садиқовлар Қозоғистонда Наталья Садиқовага нисбатан жиноят иши очилганидан кейин 2014 йилда Ақтўбедан Киевга кўчиб ўтишган.
Айдос Садиқов ҳам ватанида, ўз иддаосига кўра, сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиб келинган. Улар Украинада қочқин мақомини олишган.
“Бәсе” youtube-каналини юритиб келган Айдос ва Наталья Садиқовалар ўтган йилнинг кузида низо қўзғатганлик айблови билан Қозоғистон расмийлари томонидан қидирувга берилган эдилар.