Ссылки доступа

Тошкент вилоятида фуқаро ИИБ биносида вафот этди


Тошкент вилояти ИИББ Бекобод шаҳрида ички ишлар идорасига олиб кетилган фуқаролардан бири вафот этди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Бекобод шаҳар Жиноят ишлари бўйича судига Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “э, к, л” бандлари билан айбланувчи 33 ёшли фуқаро Х.Й.га нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилган.

19 июнь куни Бекобод шаҳар суди томонидан мазкур жиноят ишини кўриш жараёнида, айбланувчи Х.Й.нинг акалари 43 ёшли Д.Й. ва 46 ёшли Д.Й. укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангандан норози бўлиб, суд залида жанжал кўтаришгани оқибатида жамоат тартиби бузилиши юзага келган.

"Мазкур ҳолатда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган", дейилади хабарда.

Воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган. "ИИБ биносига кириш йўлагида, фуқаро Д.Й. соғлиги ёмонлашиб ҳушини йўқотган", дея таъкидлайди ИИББ.

Ходимлар фуқарони хизмат автомашинасида шаҳар шифохонасига олиб борганлар. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган вақтида Д.Й. вафот этгани аниқланган.

Ҳозирда фуқаронинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланланган. Ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олиниб, суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG