21 июнь куни "Персефони II" яхтасидан Греция оролларидан бирининг қирғоқлари яқинида отилган мушаклар ўрмон ёнғинига сабаб бўлди.
Яхтада бадавлат қозоғистонликлар оилавий дам олаётган бўлган. Эртаси куни улар шахсий самолётда Греция ҳудудини тарк этишди. Бу ҳақда Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш тадқиқот маркази (OCCRP) хабар берди.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, 13 нафар яхта экипажи аъзоси ҳибсга олинган. Улар барча айбловларни рад этмоқда.
Ижара нархи ҳафтасига 250 минг евро бўлган ҳашаматли 54 метрли яхта бортида бўлган меҳмонларнинг ҳеч бири ҳибсга олинмаган. Яхтада дам олаётган қозоғистонликлар орасида тадбиркор Дониёр Абулгазин ҳам бўлган (Forbes Kazakhstan нашрига кўра, унинг бойлиги 380 миллион долларни ташкил этади).
Абулгазин журналистларнинг вазият юзасидан изоҳ беришни сўровларига жавоб бермади.
Кема ҳужжатида Абулгазиннинг ўғли ва унинг рафиқаси, Қозоғистондаги энг йирик хайрия жамғармаларидан бирининг раҳбари Аидан Сулейменова ҳамда унинг ўринбосари борлиги кўрсатилган.
Яхтада шунингдек “Ҳалқ Банки” бошқаруви раиси Умут Шаяхметова, унинг турмуш ўртоғи, KMG International NV нефть компаниясининг собиқ топ-менежери Беимбет Шаяхметов ва уларнинг қизи бўлган. Улар ҳам журналистларнинг сўровига жавоб бермаган.
Маҳаллий ОАВ ёзишича, 21 июнь куни кечқурун қозоғистонлик сайёҳлар ижарага олган яхтасидан қирғоққа қаратиб мушаклар отишни бошлаган. Гидра оролида бошланган ўрмон ёнғини 300 минг квадрат метр майдонни нобуд қилди.
Қозоғистон ТИВ маълум қилишича,ёнғин бўйича “ҳибсга олинганлар орасида Қозоғистон фуқаролари йўқ, уларга нисбатан қандайдир даъволар ҳам илгари сурилмаган".