Жўқорғи Кенеш депутатлари “Сиёсий ва диний эътиқоди учун, ижтимоий, миллий ва бошқа сабабларга кўра қатағонга учраган ва реабилитация қилинган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунни учинчи ўқишда маъқуллади.
Депутатлар амалдаги қонунга янги модда қўшдилар. Унга кўра, Қирғизистонда 1961 йилгача амалда бўлган 1922 ва 1926 йиллардаги Жиноят Кодексининг айрим моддалари бўйича судланганлар сиёсий қатағон қурбони ҳисобланади.
Шунингдек, қонунга кўра, сиёсий қатағон белгилари сифатида "Қизил террор тўғрисида"ги фармон асосида қабул қилинган қарорлар, босмачиларга қарши кураш бўйича кўрсатмалар, давлат жиноятлари ва кулак хўжалиги белгилари тўғрисидаги қарорлар ҳамда СССР давлат органлари томонидан қабул қилинган бошқа бир қатор актлари тан олинмоқда.
Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири Жанарбек Акаевга кўра, Фанлар академиясининг Тарих институти қошида сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилиш комиссиясини тузиш таклиф қилинмоқда. Комиссия олимлар, жамоатчилик вакиллари ва тегишли органлар мутасаддиларидан иборат бўлиб, таркиби Жўқорғи Кенеш томонидан тасдиқланади.
“Қонун лойиҳаси 1918-1953 йилларда сиёсий ва диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, миллий ёки бошқа сабабларга кўра зулмга учраган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Бошқача айтганда, қонун лойиҳаси сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилишга қаратилган. Тарихчиларнинг айтишича, жами 40 мингга яқин одам қатағонларга учраган. Юз йил ўтибди, эндиликда бизнинг вазифамиз уларни оқлашдир. Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари аллақачон буни амалга оширмоқда. Биз ҳам шундай қиляпмиз, лекин фақат суд орқали, бу жуда секин жараён. Биз қатағонлар масаласида доимий ишлайдиган комиссия тузишни таклиф қилмоқдамиз”, — деган эди аввалроқ Акаев.
Турли манбаларга кўра, 1937—38 йиллардаги қатағонларда Қирғизистонда 20 мингдан 40 минггача одам йўқ қилинган. Улар орасида 2 кун ичида “халқ душмани” деб эълон қилинган ва отиб ташланган Тўроқул Айтматов, Иманали Айдарбеков, Баяли Исакеев, Қосим Тинистанов каби 137 нафар зиёлилар ҳам бор. Ушбу зиёлиларнинг қабри фақат 50 йилдан кейин аниқланган.
Қонун лойиҳаси 1918-1953 йилларда сиёсий ва диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, миллий ёки бошқа сабабларга кўра зулмга учраган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Бошқача айтганда, қонун лойиҳаси сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилишга қаратилган.