Ссылки доступа

Қирғизистонда "ОАВ тўғрисида"ги қонун лойиҳаси янги таҳрирда тақдим этилди


"ОАВ тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг аввалги варианти президент маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган эди. Ундаги баъзи нормалар сўз эркинлигига хавф сифатида ҳуқуқшунослар, экспертлар ва медиа ҳамжамияти томонидан кескин танқид қилинганди.

28 июнь куни Бишкекда "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг янги таҳрири тақдим этилди.

Ҳужжатни Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг ишчи гуруҳи ишлаб чиққан.

Асосий ўзгаришлардан бири қонун лойиҳасидан онлайн нашрлар ва ОАВларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги нормани чиқариб ташлаш бўлди. Уларни ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтказиш имконияти сақланиб қолмоқда.

ОАВ ахборот манбаини сир сақлаш ҳуқуқи тўғрисидаги норма ҳам қолдирилган. Бундан ташқари, ОАВда хорижий иштирок 50 фоиздан ошмаслиги ҳақидаги норма фақат телеканалларга тааллуқли бўлмоқда.

Янги таҳрирда ОАВни ахборот тарқатганлик учун жавобгарликдан озод қилиш шартлари ҳам қайд этилган. Маълумотлар расмий ҳужжатлар ва хабарларда мавжуд бўлса; улар давлат ва жамоат органларининг матбуот хизматларидан олинган бўлса; агар улар оммавий чиқишларнинг сўзма-сўз такрори бўлса; улар олдиндан ёзиб олинмасдан эфирга узатилган чиқишларда мавжуд бўлса; улар қонунчиликни бузганлиги учун жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган бошқа ОАВ томонидан тарқатилган бўлса, ОАВ жавобгарликдан озод қилинади.


Бундан ташқари, давлат органларидан ахборот олиш тартиби ҳам белгиланган. Давлат ва маҳаллий органлар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар сўралган тақдирда, журналистларга 3 кун ичида, маълумотларни аниқлаштириш зарур бўлганда эса 14 календарь кун ичида жавоб берилиши керак.

"ОАВ тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг аввалги варианти президент маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган эди. Ундаги баъзи нормалар сўз эркинлигига хавф сифатида ҳуқуқшунослар, экспертлар ва медиа ҳамжамияти томонидан кескин танқид қилинганди.

2024 йил март ойида президент Садир Жапаровнинг топшириғига биноан ҳужжат Жўқорғу Кенешдан чақириб олинган.

XS
SM
MD
LG