Ссылки доступа

Қирғизистон нефть трейдерлари уюшмаси автогаз тақчиллиги ҳақидаги маълумотларга изоҳ берди


"Бизнинг асосий вазифамиз - бензин ва дизель ёқилғиси билан таъминлаш, автогаз ҳам олиб келинади ва у йирик АЁҚШларда бор. Умуман олганда, ҳаяжонланишга ҳеч қандай сабаб йўқ," - дея изоҳ берди уюшма раҳбари.

Қирғизистон нефть трейдерлари уюшмаси раҳбари Канат Эшатовнинг маълум қилишича, Қирғизистонда автомобиллар учун суюлтирилган газ танқислиги йўқ, ёқилғи танқислиги эса фақат кичик ёқилғи қуйиш шохобчаларида учрамоқда.

Бу ҳақда 9 июль куни Эшатов Озодлик радиосига берган интервьюсида маълум қилди.

Аввалроқ, Бишкеклик ҳайдовчилар ва айрим вилоятлар аҳолиси шохобчаларда автогаз йўқлигидан шикоят қилган эди.

Эшатовнинг сўзларига кўра, 1-2 та ёқилғи қуйиш шохобчасига эга кичик компанияларда автогаз йўқ, чунки йирик компаниялардан фарқли ўлароқ, улар газни етказиб берувчи заводлардан тўғридан-тўғри олмайди.

"Заводлар билан шартнома тузган йирик компанияларда газ бор ва у сотилмоқда. Баъзан навбатлар бўлиши мумкин, холос. Россия темир йўлларида муаммолар сабабли бироз кечикишлар бўлган," - деди у.

Эшатовнинг таъкидлашича, Қирғизистонда автомобилларнинг 10 фоиздан камроғи газда ҳаракатланади. "Бизнинг асосий вазифамиз - бензин ва дизель ёқилғиси билан таъминлаш, автогаз ҳам олиб келинади ва у йирик АЁҚШларда бор. Умуман олганда, ҳаяжонланишга ҳеч қандай сабаб йўқ," - дея қўшимча қилди у.

Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида газ танқислиги ҳақида аввалроқ ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари хабар берган эди. Ўшанда ҳам Эшатов Россия темир йўлида цистерна-вагонлар етишмаслиги сабабли баъзи ёнилғи қуйиш шохобчаларида газ бўлмаганини таъкидлаб, бу мавсумий ҳодиса эканини айтган эди.

XS
SM
MD
LG