Қозоғистонда аёллар либосида рақсга тушган эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ўтовда рақсга тушаётгани акс этган виделавҳа юзасидан жиноят ишнии қўзғатишни сўраб Олмаота вилояти маҳаллий кенгаши депутатларининг мурожаат қилган.
Эркак "миллий ёки ирқий адоватни нифоқни қўзғатиш, фуқароларни миллий шаън-шараф ва қадр-қимматини камситишда" айбланмоқда. Экспертиза тайинланган, вазият ҳолатлари аниқланмоқда.
Қайд этилишича, экспертиза натижалари бўйича ҳуқуқий баҳо берилиб, процессуал қарор қабул қилинади.
Ушбу видеога мамлакат расмийлари ҳам норозилик билдириб, видеоролик мазмуни "қозоқ халқининг қадриятлари ва анъаналарига" зид эканини таъкидлади. Айрим парламент депутатлари ўтовдаги рақсни "бутун миллатни ҳақорат қилиш" деб атади ва санъаткорларни жазолашни талаб қилди.
Рақс ижрочилари ижтимоий тармоқларда кибербуллингга учради. Ўтовда рақс тушганлардан бири, хореограф Алишер Султонбекулининг айтишича, "ижодкорларни оддий одамлар тушуниши қийин, ижодкорлар бутунлай бошқа дунёда юради, у ерда ҳамма нарса бошқача." Унинг таъкидлашича, "бу видео кимларнидир ҳақорат қилиши мумкин эмас, чунки унда ўзига хос киноя бор."
Ҳуқуқ ҳимоячилари, ўз навбатида, анъанавий қадриятлар учун курашда иккиюзламачиликни кўраётганини айтмоқда.