Туркманистон тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун юқори даражадаги хатарга эга мамлакат ҳисобланади, дейилади АҚШ Давлат департаменти 2024 йил учун ишлаб чиққан "Инвестиция муҳити шарҳи"да.
Бунга сабаб сифатида давлатнинг иқтисодиёт устидан қатъий назорати, валюта курсининг қатъий тартибга солиниши, кенг тарқалган коррупция, шаффоф бўлмаган ва мураккаб бюрократик тартиб-таомиллар ҳамда ишламайдиган қонунлар санаб ўтилган.
АҚШ Давлат департаментининг Иқтисодий масалалар бўйича бюроси томонидан тайёрланган шарҳ АҚШ ширкатларига дунёнинг турли мамлакатларидаги иқтисодий муҳит ҳақида маълумот беради.
Шарҳ муаллифларининг таъкидлашича, Туркманистон тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ёки рағбатлантириш бўйича сезиларли қадамлар қўймаган. Нефть ва газ соҳасидаги бир нечта битимлардан ташқари, мамлакат иқтисодиётига АҚШ ёки бошқа мамлакатлар сезиларли тўғридан-тўғри инвестициялар киритмаган.
Ҳужжатда қайд этилишича, Туркманистоннинг хорижда сақланаётган 45 миллиард доллар заҳираси ҳамда Хитойга газ сотишдан йилига 10 миллиард доллар даромади тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларга бўлган қизиқишни пасайтиради.
Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича эксперти Брюс Панниер америкаликларнинг Туркманистон иқтисодиётига сармоя киритиш истиқболларига паст баҳолаётгани сабабларини тушунтирди.
"Туркманистонда шаффофлик йўқлиги сабабли иқтисодиётида нималар бўлаётганини баҳолаш имконсиз. Расмий рақамлар ва маълумотларга ишониб бўлмайди. Айрим халқаро молия ташкилотлари Туркманистоннинг иқтисодий статистик маълумотларидан фойдаланишдан бош тортган." - дейди Панниер.
Шарҳ муаллифларининг фикрича, Туркманистонда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун салоҳият мавжуд, аммо ҳукумат давлат лойиҳаларни молиялаштиришни афзал кўради. Бу ҳолат, Туркманистоннинг улкан захираларига қарамай, энг йирик ўнта табиий газ ишлаб чиқарувчилари қаторига киришига тўсқинлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Туркия қурилиш компаниялари ўз пулларини қайтара олмаганидан кейин Туркманистон устидан халқаро арбитражга шикоят қилиша мажбур бўлган эди. Белоруссиянинг "Белгорхимпром" давлат компанияси ҳам суд орқали ўзига тегишли пулларни "ундириб олишга" мажбур бўлди.
Бунга сабаб сифатида давлатнинг иқтисодиёт устидан қатъий назорати, валюта курсининг қатъий тартибга солиниши, кенг тарқалган коррупция, шаффоф бўлмаган ва мураккаб бюрократик тартиб-таомиллар ҳамда ишламайдиган қонунлар санаб ўтилган.