Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги стоматологик хизматларга ҳақ тўлаш учун пенсия жамғармаларини фойдаланиш имкониятини тўхтатиб туришни таклиф қилмоқда. Тегишли қарор лойиҳаси "Очиқ НҲҲ" сайтида эълон қилинган.
Тиш протезлаш ва имплантация учун пенсия тўловларидан фойдаланишни 2024 йил 10 августдан 2025 йил 1 февралгача тўхтатиш режалаштирилган.
Вазирлик ташаббусни бир марталик пенсия тўловлари оператори "Отбаси банк" томонидан Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармасидан стоматологик хизматларга сарфланаётган пул маблағларининг мақсадсиз олиб чиқиб кетилиши ҳолатлари қайд этилгани билан изоҳлайди.
"Хизмат текширувлари давомида сохта ҳужжатлардан фойдаланиб, стоматология хизматлари деб пулларни ечиб олиш ҳолатлари аниқланган," - дейилади вазирлик хабарида.
Ҳужжат маъқулланса, "Отбаси банк" олти ой ичида пенсия тўловларидан мақсадсиз фойдаланишнинг олдини олиш ва стоматологик хизмат кўрсатишнинг шаффофлигини таъминлаш бўйича ишларни амалга ошириши керак бўлади, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.
Шу билан бирга, вазирлик бир марталик пенсия тўловларидан фарзандини даволаш учун фойдаланишга рухсат беришни таклиф қилди.
Барча қозоғистонликлар ўз даромадларининг 10 фоизини мажбурий тартибда давлатнинг Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармасига (ЯЖПЖ) ўтказадилар.
2021 йилдан ушбу пенсия жамғармаларининг ортиқча миқдоридан уй-жой шароитларини яхшилаш ҳамда даволаниш учун фойдаланиш мумкин бўлди. Маблағларнинг катта қисми кўчмас мулк бозорига оқиб кетди, бу эса уй-жой нархининг ошишига ва инфляциянинг тезлашишига олиб келди.
2021 йилда пенсия жамғармаларининг ортиқча миқдоридан уй-жой шароитларини яхшилаш ҳамда даволаниш учун фойдаланиш имкон берилган эди.