30 июль куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон амалий ташриф билан Эронга жўнаб кетди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Эронда 30 июль куни президент Масъуд Пезешкианнинг инаугурация маросими бўлиб ўтади.
Маросимда 70 дан ортиқ хорижий делегациялар иштирок этади. Раҳмон бошчилигидаги Тожикистон делегацияси таркибига Мажлис намояндагон раисининг биринчи ўринбосари, ташқи ишлар вазири, президентнинг ташқи алоқалар бўйича ёрдамчиси, энергетика ва сув ресурслари вазири ва бошқа расмий шахслар ҳам кирган.
Эронда 5 июль куни бўлиб ўтган президент сайловининг иккинчи босқичида ислоҳотчи Масъуд Пезешкиан ғолиб бўлган. Мухолифат сайловни цирк деб атаб, уни бойкот қилишга чақирган. Сўнгги ҳафталарда эронликлар ижтимоий тармоқларда #ElectionCircus хэштегидан кенг кўламда фойдаланишган.
Эронда навбатдан ташқари сайлов президент Иброҳим Раисийнинг 2024 йил майида авиаҳалокат қурбонига айлангани ортидан белгиланган эди. Эронда президент анча чекланган ваколатларга эга бўлган ҳукумат раҳбари бўлиб ҳисобланади, шунга қарамай, у ғарб мамлакатлари билан алоқалар оҳангига ўз таъсирини кўрсатиш имконига эга.
Маросимда 70 дан ортиқ хорижий делегациялар иштирок этади.