Жорий йилнинг олти ойи давомида Тожикистоннинг 17 минг фуқароси Россиядан депортация қилинди. Бу ҳақда 6 август куни матбуот анжуманида Тожикистон меҳнат, миграция ва бандлик вазири Гулнора Ҳасанзода маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, фуқароларнинг депортацияси қилинишига асосий сабаб тожикистонликлар Россия қонунчилигини бузганлигидир.
Олти ой ичида Тожикистоннинг 380 мингдан ортиқ фуқароси Россияга меҳнат миграциясига кетган, айни шу даврда Россиядан мамлакатга 324 мингдан сал кўпроқ киши келган.
Вазирнинг таъкидлашича, меҳнат миграцияси оқими ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга камайган, меҳнат мигрантларининг ватанига қайтиши эса 3 фоизга ошган.
Тожик меҳнат муҳожирлари ҳолати тожикистонликлар содир этганликда айбланаётган Крокус залидаги терактдан сўнг кескин ёмонлашди. Ҳужум ортидан ксенофобия ва марказий осиёлик муҳожирларга қарши кайфият кучайди. Муҳожирларнинг айтишича, уларни полиция ёки Миллий гвардия тўхтатиб, ФСБ вакиллари билан "суҳбатлашиш учун" олиб кетишган. Бундан ташқари, полиция муҳожирлар яшайдиган ётоқхоналарга бостириб кирмоқда.
Аввалроқ Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги “Тожикистон фуқароларига Россия ҳудудида ўта салбий муомала қилинаётгани ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар жойда бузилаётгани муносабати билан жиддий ташвиш” билдирган ҳолда, 29 апрель куни Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьевга норозилик нотасини топширган эди.
Шундан сўнг вазият ҳеч ҳам яхшиланмаган.
Россияда бир миллионга яқин Тожикистон фуқароси истиқомат қилиши айтилмоқда.
Тожик меҳнат муҳожирлари ҳолати тожикистонликлар содир этганликда айбланаётган Крокус залидаги терактдан сўнг кескин ёмонлашди.