Бишкекнинг Октябрь тумани суди 8 август куни жиноят олами лидери Қамчи Колбаевнинг онаси Майя Алиева иши бўйича ҳукм чиқарди.
Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, суд Алиевани Қирғизистон Жиноят кодексининг 222-моддаси (“Жиноят йўли билан топилган даромадларни легаллаштириш (ювиш)) бўйича айбдор деб топиб, бир йиллик синов муддати билан 7 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум қилишга қарор қилган.
Суд вакилларига кўра, агар судланган аёл синов муддати ичида янги жиноят содир этмаса ва суд томонидан зиммасига юклатилганларни бажарса, ҳукмнинг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ қисми ижро этилмайди.
Адвокат Бақтибек Жумашевнинг айтишича, суд қарорига мувофиқ, Алиева Пробация департаментидан қайддан ўтиши лозим, шунда у ҳибсга олинмайди. У Октябрь тумани суди ҳукми юзасидан Бишкек шаҳар судига апелляция тартибида шикоят аризаси киритишини қўшимча қилган.
Мазкур иш бўйича иккинчи айбланувчи – Нурия Тентешова суд томонидан 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳукм кучга кирганидан кейин аёл қидирувга берилади.
Бундан ташқари, суд қарори билан Майя Алиева номига расмийлаштирилган 13 та ва Нурия Тентешова номига расмийлаштирилган 5 та мулк объекти давлат фойдасига мусодара қилинади. Бу объектлар орасида Чўлпонота шаҳридаги уй ва савдо маркази, “Народний” дўкони, “Барс” дам олиш базаси ва Бишкекдаги квартиралар бор.
Аввалроқ прокуратура Алиева ва Тентешовани айбдор деб топиб, ҳар бирига 10 йилдан қамоқ жазоси берилишини сўраган эди.
Суд Алиева ва Тентешовага нисбатан ҳукмни уларнинг иштирокисиз чиқарган. Алиева соғлиғи ёмонлиги туфайли судга келолмаслигини билдирган, Тентешованинг қаерда экани эса номаълумлигича қолмоқда.
Қирғизистондаги жиноят олами лидери Қамчи Колбаев 2023 йилнинг 4 октябрида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан уни қўлга олиш бўйича махсус амалиёт чоғида ўлдирилган эди.
Шундан сўнг Колбаев томонидан ноқонуний равишда ўзлаштирилгани айтилган ўнлаб кўчмас мулк объекти ва автомобиллар давлат фойдасига мусодара этилган.
Аввалроқ Алиевнинг иши юзасидан унинг бошқа бир ўғли – Жолдошбек Колбаев ўз фикрини билдирган эди. У мамлакат расмийларига мурожаат қилиб, онасига нисбатан ишни қонун доирасида кўриб чиқишни сўраган.