Ссылки доступа

Google Россия учун монетизацияни ўчирди


Энг йирик Google AdSense реклама тармоғи Россияда ўз фаолиятини тўхтатди.

Бу ҳақда СNEWS нашри Google расмий хатига таяниб хабар бермоқда.

Хатда манзил сифатида Россия кўрсатилган барча аккаунтлар фаолсизлантирилиши айтилган. Бу, эндиликда бундай аккаунтлар орқали монетизациядан даромад олиш имконсиз бўлишини англатади.

AdSense Россиядан кетиши нафақат Youtube блогерларига таъсир қилади, деб таъкидлайди Cnews. Оммабоп AdSense тармоғидан реклама жойлаштирилган Россиядаги барча сайтларнинг эгалари ҳам пулдан маҳрум бўлади.

Украинага Россиянинг тажовузидан кейин Youtube россиялик блогерларга монетизацияни бутунлай тўхтатганди, фақат AdSense россиялик блоггерларга контекстли реклама орқали пул ишлашга имкон бераётганди.

10 августдан Россиялик фойдаланувчилар мамлакат ҳудудида YouTube видеохостинги сайти ва мобил иловаси очилмай қолганидан шикоят қилишмоқда.

Июль ойи ўрталарида “Ростелеком” ширкати “Google’нинг Россиядаги серверлари эскиргани” туфайли YouTube Россияда ёмон ишлашни бошлаши мумкинлигидан огоҳлантирган. Кейинроқ Google корпорацияси Россияда YouTube’га киришда юзага келаётган муаммоларга алоқаси борлигини рад этган.

Июль ойи охирида эса Давлат думаси депутати Александр Хинштейн “аксилроссия сиёсати” туфайли YouTube иши 70 фоизга секинлашиши мумкинлигига оид тахминлари билан ўртоқлашган. У мазкур “мажбурий қадам” ҳозирча YouTube’нинг дестоп версиясигагина тааллуқли бўлишини билдирган.

Еттинчи август куни “Медуза” нашри телекоммуникациялар бозоридаги манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда, россиялик расмийлар YouTube’ни 128 кбит/секундгача секинлаштиришга қарор қилганлари ёзган эди.

XS
SM
MD
LG