Франция халқаро радиоси (RFI) қайдича, жами 3,7 миллиард киши яшайдиган мамлакатлардан маълумот йўқлиги учун муаммо кўламини баҳолаш қийин. Сув сифатига оид барча маълумотларнинг уч фоиздан камроғи энг қашшоқ мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.
Етарли даражадаги мониторингнинг йўқлиги “2030 йилга бориб сайёра аҳолисининг ярмидан кўпи сув захираларини бошқариш бўйича қарор қабул қилиш учун зарур маълумотга эга бўлмаган мамлакатларда яшаши”га олиб келади, дея огоҳлантирган БМТ мутахассислари.
Тоза ичимлик сувидан фойдалана олиш муаммоси айниқса Африка, Марказий ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида жуда долзарб бўлиб турибди. Бу минтақаларда дарёлар сатҳининг пасайиши, кўллар юзасининг қисқариши, сув ифлосланишининг ортиши ва сув захираларини бошқариш ёмонлашгани кабилар қайд этилмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда оқова сувнинг 80 фоизи тозаланмаган ҳолда атроф-муҳитга оқизилмоқда.