Маълум қилинишича, ҳолат 1 сентябрь куни М-12 «Восток» федераль автомагистралининг Навашинский туманидан ўтган қисмида содир бўлган. 32 ёшли Тожикистон фуқароси бошқарувида бўлган Hyundai микроавтобуси «Қозоғистон-Москва» йўналишида ҳаракатланиб кетаётиб, КІА сerato машинаси билан тўқнашган.
Оқибатда 8 киши ҳалок бўлган, улардан 7 нафари Ўзбекистон фуқаролари (6 эркак ва бир аёл) экани аниқланган.
Шунингдек, ҳайдовчи ва уч йўловчи эса шифохонада қолмоқда.
Мазкур ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг 264-моддаси 5-қисми (Эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикаси президентининг топшириғига мувофиқ, мамлакат ҳукумати томонидан ҳалок бўлганлар жасадларини тез орада Ватанга қайтариш билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси томонидан алоҳида назоратга олинган, дейилади хабарда.