Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists, CPJ) Қозоғистонда журналистларни аккредитациядан ўтказишнинг янги қоидалари борасида ўз хавотирларини билдирди.
CPJ янги қоидалар цензура учун йўл очишини ва танқидчи журналистларни сукут сақлашга мажбурлашини таъкидлаган.
"Мавжуд янги қоидалар ва ҳорижий ОАВни аккредитация қилиш қоидаларига таклиф этилаётган ўзгартиришлар ҳаддан ташқари кескин бўлиб, цензура учун жуда кўп имкониятларни очмоқда. Президент Тоқаев ваъда қилган "Янги Қозоғистон"даги очиқлик ўрнига журналистлар тобора кўпроқ давлат назоратига олинмоқда," - дейди CPJ Европа ва Марказий Осиёдаги дастури координатори Гулноза Саид.
Август ойида янгиланган қоидаларга кўра, эндиликда журналистларни "регламентни бузгани" учун - масалан, тадбирда амалдорга ноқулай саволлар бергани учун - аккредитациядан маҳрум қилиш мумкин бўлган.
Янги қоидалар журналистлар ва медиа юристларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Аслида, бу қоидалар давлат органининг муайян тадбирида иштирок этмаган ОАВда бу тадбир ҳақида маълумот тарқатишни тақиқлайди, чунки энди журналистлар ўзаро фото ва видеоматериалларни улашиши тақиқланмоқда.
Шунингдек, янги қоидалар амалдорларга бериладиган саволлар кўлламини чеклайди. Масалан, агар ички ишлар вазири наркобизнесга қарши курашиш бўйича брифинг ўзтказаётган бўлса, ундан бошқа мавзуларга доир саволлар бериш тақиқланади: бу регламентни бузиш ҳисобланади.
"Бу қоидаларда журналистларнинг ҳуқуқлари йўқ, фақат чекловлар бор, - дейди Медиа Қолдау (Остона) юридик хизмати раҳбари Гулмира Биржанова. - Агар регламентни бузсангиз, сизни аккредитациядан маҳрум қилишлари мумкин. Агар сиз тадбирга келиб, ундан кейин Озодлик радиосига эмас, бошқа нашрга ёзсангиз, бу ҳам сизни аккредитациядан маҳрум қилиш учун сабаб бўлиши мумкин."
Янги қабул қилинган нормалар амалдорларга журналистларнинг давлат идораси биноси ичида ҳаракатланиш тартибини ўзлари белгилаш ҳуқуқини берди. Ҳар қандай қоидабузарлик учун журналистлар жаримага тортилади, бу эса аккредитациядан маҳрум қилиш билан якунланиши мумкин.
"Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилоти томонидан ҳар йили тузиладиган сўз эркинлиги индексида Қозоғистон бу йил 180 та мамлакат ичида 142-ўринни эгаллади. Медиа-экспертларнинг таъкидлашича, Қозоғистонда сўнгги йилларда матбуот ҳуқуқлари тобора кўпроқ чекланмоқда.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси янги қоидалар цензура учун йўл очишини ва танқидчи журналистларни сукут сақлашга мажбурлашини таъкидлаган.