Президент Садир Жапаров Аскар Акаевнинг собиқ президент мақомини қайтариб олиш нияти борасидаги хабарларга изоҳ берди.
"Кабар" давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида Жапаров Акаевга собиқ президент мақомини қайтариш тўғрисидаги қарорни парламент қабул қилишини ва бу масалада у ҳеч нарса айта олмаслигини таъкидлади. "Депутатлар ўзлари ҳал қилади. Бу масаланинг қонунийлигини кўриб чиқишсин. Қонунларни назорат қилиш - парламентнинг мажбурияти," - дея қўшимча қилди Жапаров.
Журналистнинг Курманбек Бакиев ва Алмазбек Атамбоевларда ҳам ҳудди шундай ният пайдо бўлсачи деган саволига жавобан Жапаров уларнинг вазияти "Акаевникидан фарқ қилишини" айтди.
"Аскар Акаев қочиб кетганида қурбонлар бўлмаган, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаган ва у қидирувга берилмаган. Албатта, Аскар Акаёв даврида кўп камчиликлар бўлган. Манфаатлар тўқнашувлари ҳам бўлган. Шу билан бирга, мамлакат илк мустақилликка эришган йилларда ижобий жиҳатлар ҳам бор эди. Буни ҳам айтиш керак. Атамбоев ва Бакиев ҳолатида эса одамлар қурбон бўлган. Шунинг учун парламент уларга собиқ президент мақомини тикласа, нотўғри бўлади, деб ҳисоблайман. Табиийки, бу менинг шахсий фикрим. Уларга нисбатан жиноий ишлар ҳам мавжуд," - дея қўшимча қилди Жапаров.
Аввалроқ Қирғизистоннинг биринчи президенти Аскар Акаев "собиқ президент" мақомини қайтармоқчи эканлиги маълум бўлди. Парламентнинг Конституциявий қонунчилик қўмитаси раҳбари Чўлпон Султонбекова Озодликка айтишича, тегишли ариза Акаевдан Жўқорғу Кенешга келиб тушган. "Бу масала дарҳол кун тартибига қўйилмайди. Дастлаб фракциялар, уларнинг етакчилари ва депутатлари билан муҳокамалар ўтказилади." - деди Султонбекова.
Аскар Акаев 1991-2005 йилларда Қирғизистон президенти бўлган. 2005 йил 24 мартда "лола инқилоби" пайтида у Москвага қочиб кетган ва кейинроқ истеъфога берган. 2010 йилда у собиқ президент мақомидан маҳрум қилинган.
2023 йил январь ойида Қирғизистон Бош прокуратураси Акаевга нисбатан қўйилган барча айбловлар муддати ўтганлиги сабабли олиб ташланганини маълум қилган эди.
1991 йилда Қирғизистон мустақилликка эришганидан буён мамлакатни бешта президент бошқарган. Улардан фақат иккитаси - Роза Отунбаева ва Сооронбай Жеенбеков - собиқ президент мақомига эга. Аскар Акаев, Курманбек Бакиев ва Алмазбек Атамбоев бу мақомдан маҳрум этилган.
2005 йилдаги "лола инқилоби" пайтида Акаев Москвага қочиб кетган ва кейинроқ истеъфога берганди. 2010 йилда у собиқ президент мақомидан маҳрум қилинган.