Ссылки доступа

Ўзбекистон давлат қарзи 37 миллиард долларга етди


Жорий йил I ярмида Ўзбекистон давлат қарзи қолдиғи 37 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда 5 сентябрь куни ўтказилган парламент йиғилишида иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

Жорий йилнинг дастлабки ярмида давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 33,2 фоизини ташкил қилган.

Вазирга кўра, ҳисобот даврида давлат қарзининг қолдиғи қарийб 37 миллиард доллар бўлиб, шундан давлат ташқи қарзи 30,9 миллиард доллар, ички қарзи 6,1 миллиард долларга етди.

Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботига кўра, ҳозирда Ўзбекистон давлат қарзи мўтадил даражада. Жорий йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон номидан давлат кафолати остида жами 2,8 миллиард долларлик ташқи қарз шартномалари имзоланган.

Шунингдек, давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, жорий йилда сўндириладиган халқаро облигацияларни қайта молиялаштириш мақсадида жаҳон молия бозорларига 1,5 миллиард доллар миқдоридаги суверен халқаро облигациялар чиқарилди.

Давлат қарзининг мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисбати 34,4 фоиздан 33,2 фоизга камайди.

2017 йил якунлари бўйича давлат қарзи 11,6 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2023 йилнинг охирига келиб 34,9 млрд долларга етди ёки 3 баробарга кўпайди.

XS
SM
MD
LG