Саккизта халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон ҳукуматини "Клооп Медиа" жамоат фондини тугатмасликка чақирди.
Бу ҳақда Human Rights Watch, Amnesty International, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик, Civil Rights Defenders, Норвегия Хелсинки қўмитаси, Article 19, International Federation for Human Rights ва Қийноқларга қарши бутунжаҳон ташкилоти баёнот берди.
Уларнинг фикрича, Клооп нашрининг ёпилиши "Қирғизистонда ОАВларга қарши каттароқ қатағон кампаниясининг" бир қисмидир. "Бу ҳукумат кўтарилган муаммоларни ҳал қилишдан кўра танқидни бостиришни афзал кўраётганининг яна бир исботидир. Бу матбуот эркинлигига йўл қўйиб бўлмайдиган ҳужумдир," - деди "Civil Rights Defenders" ижрочи директори вазифасини бажарувчи Жон Стауффер.
"Оммавий ахборот воситалари эркинлигидаги таназзул Қирғизистоннинг халқаро обрўсига путур етказади ва унинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоларидан кутилаётган қадриятларга содиқлигини шубҳа остига қўяди," - деди Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик директори Бригит Дюфур.
Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам Клооп нашрини тугатиш тўғрисидаги Олий суд қарорига муносабат билдирганди.
"Кабар" ахборот агентлигига берган интервьюсида Жапаров Қирғизистонда 30 йил давомида анархияни демократия билан, ғийбатни эса сўз эркинлиги билан адаштирилганини айтди. Аммо ҳозирда жамият "ўзини ўнгламоқда."
"Бизда сўз эркинлиги доимо бўлган ва бўлади. Агар кимдир ҳақиқатни гапирса, ким бўлишидан қатъи назар, биз уни қўллаб-қувватлаймиз. Анархия, ғийбат ва ёлғон маълумотларни тарқатиш - бу сўз эркинлиги эмас," - деди президент.
Унинг тахминича, Клооп нашри бир томонлама ва кимнидир қоралашга қаратилган суриштирувлари деб тугатилган бўлиши мумкин.
"Судлар ҳам асоссиз қарор қабул қилмайди. Нашрнинг бир томонлама ва ёлғон материалларни тарқатганини ўзингиз кўп кўргансиз," - деди у.
Август охирларида Олий суд коллегияси Бишкекнинг Октябрь туман суди "Клооп Медиа" жамоат фондини тугатиш тўғрисидаги қарорини маъқуллаган эди.
"Клооп" асосчиси Ринат Тухватшин ушбу ҳукмни "кутилган" деб атаган ва таҳририят ўз ишини барибир давом эттиришини қўшимча қилган.
CPJ Европа ва Марказий Осиё дастурлари координатори Гулноза Саиднинг таъкидлашича, "Клооп"ни мажбурий тугатиш қирғиз расмийлари “авваллари мамлакатни авторитар қўшниларидан ажратиб турувчи журналистик суриштирувлар марказини йўқ қилиш” ниятида эканлигидан дарак беради.
CPJ шунингдек Қирғизистон ҳукумати Клооп ўз фаолиятини давом этишига қўйиб бериши, “матбуотни таъқиб кампаниясига чек қўйиши ва мустақил ОАВлар эркин ишлашига имкон бериши” лозимлигини айтган.
Бишкек суди 9 февраль куни прокуратуранинг "Клооп Медиа" жамоат фондини (Kloop.kg сайтини) тугатиш бўйича киритилган даъвосини маъқуллаган эди. Даъвода, хусусан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўтказган текширув сайтда “эълон қилинган материаллар амалдаги ҳукумат сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилгани” ва “аксарияти давлат ва маҳаллий бошқарув орган вакилларини обрўсизлантиришга қаратилгани, тўлалигича салбий характерда эканлигини" кўрсатганлиги айтилган.
Нашр прокуратура даъвосини “сўз эркинлигига мисли кўрилмаган босим” деб атаган. Ташкилот адвокатлари назорат органининг даъвосига эътироз киритган.
"Клооп" журналистларининг Жалолободда "Барселона" футбол академиясининг очилишига бағишланган суриштирувида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг ўғиллари билан қочоқ собиқ президент Қурманбек Бакиев кланига алоқадор россиялик тадбиркор ўртасидаги ришталар мавжудлиги фош этилган.
Кейинроқ Садир Жапаров ҳақиқатдан ҳам “ушбу лойиҳада Ташиевлар, Жапаровлар ва бошқа хорижий инвесторлар иштирок этаётганини” тасдиқлаган. Шу билан бирга, президент "Клооп" нашри “қирғиз халқига фойда эмас, фақат зарар келтираётганини” таъкидлаган ҳамда “Ташиевлар ва Жапаровлар мамлакатга имкониятларни тортиб келаётганидан хурсанд бўлишга” чақирган.
Бу ҳақда Human Rights Watch, Amnesty International, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик, Civil Rights Defenders, Норвегия Хелсинки қўмитаси, Article 19, International Federation for Human Rights ва Қийноқларга қарши бутунжаҳон ташкилоти баёнот берди.