Ссылки доступа

Фарзандини расман васийсиз қолдирган қирғиз меҳнат муҳожирлари жазоланади


Қирғизистонда 84 542 нафар меҳнат муҳожирларининг фарзанди аниқланган, шулардан 42 648 нафари васийликни расмийлаштирмаган ҳолда қариндошлариникида қолдирилган.

Қирғизистонда фарзандларини васийсиз қолдирган ва бу ҳақда тегишли давлат органларини хабардор қилмаган меҳнат муҳожирларини жаримага тортилади.

Тегишли ўзгартиришларни Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексига киритишни таклиф қилмоқда.

Қирғизистонда расмиятчиликдан қочган муҳожирлар кўпинча васийликни расмийлаштирмасдан ва тегишли органларни хабардор қилмасдан, ўз фарзандларини қариндошлари, қўшнилари ёки танишларига қолдириб, меҳнат миграциясига кетиб қолади.

"Натижада, тегишли хабарнома бўлмаганидан кейин ҳокимият органлари ҳар доим ҳам болалар манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, меҳнат мигрантларининг болалари устидан тегишли назоратни таъминлаш чораларини ўз вақтида кўришга муваффақ бўлавермайди," - дея таъкидлайди Меҳнат вазирлиги.

Энди бундай қилганларга жарима солинади.

2024 йилнинг 1-чораги маълумотларига кўра, Қирғизистонда 84 542 нафар меҳнат муҳожирларининг болалари аниқланган, шулардан 42 648 нафари васийликни расмийлаштирмаган қариндошлари қўлида. Бироқ, расмийлар таъкидлаганидек, қариндошлар болаларнинг кейинги ҳаёти учун юридик жавобгар эмас.

"Баъзида бундай болаларга психологик ёрдам керак бўлади. Бундан ташқари, мигрантларининг фарзандлари орасида меҳнатининг энг ёмон шаклларига жалб қилинган, мактабга қатнамайдиган ва бошқа давлат хизматларидан маҳрум болалар аниқланган," - дейилади ҳужжатда.

Қирғизистон фуқаролари асосан Россия, Қозоғистон, Туркия, АҚШ ва Жанубий Кореяга меҳнат миграциясига кетмоқда.

XS
SM
MD
LG