Ссылки доступа

Қозоғистонда АЭС мавзусида сўров ўтказган фаол жаримага тортилди


Достияров "сайлов билан боғлиқ жамоатчилик фикрини ўрганиш шартларини бузиш"да айбдор деб топилган.

Қозоғистонда АЭС мавзусида сўров ўтказган фаол Абзал Достияров жаримага тортилди. Сўров натижалари Достияровнинг Youtube каналида эълон қилинган эди. Достияров "сайлов билан боғлиқ жамоатчилик фикрини ўрганиш шартларини бузиш"да суд томонидан айбдор деб топилган.

Фаол ўз айбини тан олмади ва суд қарори устидан шикоят қилишини маълум қилди.

Фаолга нисбатан маъмурий иш прокуратура талаби билан очилган эди. Прокуратура қарорида айтилишича, "Сайлов тўғрисида"ги қонуннинг шартларига кўра, жамоатчилик фикрини ўрганиш билан рўйхатдан ўтган, камида беш йиллик тегишли тажрибага эга бўлган юридик шахслар бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясини ёзма равишда олдиндан хабардор қилган ҳолда шуғулланиши мумкин.

Достияровннинг сўзларига кўра, у жамоатчилик сўровини эмас, балки бу мавзуда баҳс-мунозара бошлаш мақсадида Youtube канали учун контент тайёрлаган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев референдум 6 октябрь куни ўтказилишини 2 сентябрь куни парламент палаталарининг қўшма мажлисида эълон қилди. Шу куни кечқурун президент тегишли фармони имзолади. Ушбу фармоннинг 2-бандига кўра, "Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?" деган савол референдумга қўйилади. Референдум билан боғлиқ харажатларнинг умумий суммаси таҳминан 15 ярим миллиард тенгени ташкил этади

Ҳукумат АЭС қурилишини Хитой, Франция, Россия ёки Жанубий Корея компанияларидан бирига топширмоқчи.

Қозоғистонда АЭС қурилиши учун энг эҳтимолий майдон Балхаш кўли соҳилидаги Улкен қишлоғи ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG