Ширкат матбуот хизмати қайдича, Wildberries асосчиси Татьяна Бакальчукнинг эри Владислав қўриқчилари билан бирга ташкилот офисига киришга ҳаракат қилган. У ерда содир бўлган воқеа “бинога ноқонуний киришга уриниш” ўлароқ баҳоланган.
Владислав Бакальчук “кенг кўламли провокация” юз берганини билдирган – у ширкат офисига Wildberries учун қурилаётган янги омборлар молиялаштирилишини тўхтатиш бўйича музокараларнинг галдаги раундига келганини иддао қилмоқда.
“Мен ширкат офисига ўз ҳамкасбларим билан келдим, бироқ киришдаёқ қўриқчилик хизмати ва менга нотаниш бўлган кишилар томонидан ҳужумга учрадим, улар қуролли тўқнашув келиб чиқишига сабаб бўлишди. Можаро давом этаётган пайтда бирдан ўқ овозлари янгради, ҳамкасбларимдан бири яраланди”, дея билдирган Владислав Бакальчук.
Татьяна Бакальчук Владислав Бакальчук, Сергей Ануфриев ва Владимир Бакин бошчилигидаги кишилар гуруҳи Wildberries’нинг Москвадаги офисларини эгаллаб олишга уринишганини билдирган.
“Қуролланган гуруҳнинг гўё музокараларга келганига оид баёнот қулоққа бемаъниликдай эшитилади, чунки ҳеч ким билан ҳеч қанақа музокара ҳақида келишув бўлган эмас”, деб ёзган Татьяна Бакальчук ўз телеграм-каналида.