Ссылки доступа

Тошкентда ҳаво сифатини яхшилаш дастури ишлаб чиқилди


Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва атропоген омилларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш бўйича иккита дастур ишлаб чиқилди. Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни бу соҳадаги таклифлар тақдимоти билан танишди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, таклиф қилинган дастурларнинг биринчиси – Чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича 2024 - 2030 йилларга мўлжалланган миллий дастурдир. Бу ҳужжатда “Евро-4” стандартидан паст тоифадаги ёқилғини сотиш ва ундан фойдаланишни босқичма-босқич тўлиқ тақиқлаш назарда тутилади. Бунинг учун Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари юқори сифатли ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича модернизация қилинади.

Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури бўлиб, унга кўра, келгуси 5 йилда пойтахтда ва унга туташ Тошкент вилояти туманларида 441 гектар “яшил белбоғ” ва боғлар ташкил қилиниши кўзда тутилган.

Янги қуриладиган, баландлиги 12 метрдан ёки умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган биноларни лойиҳалаштиришда унга туташ ҳудудларнинг камида 25 фоизини кўкаламзорлаштириш талаби қўйилади. Шунингдек, атроф-муҳитга зарари кўп саноат корхоналари ҳам “яшил белбоғ”лар барпо этиш мажбуриятини олади.

Экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Шунингдек, дарахтларни кесиш ва қасддан қуритиш, дарё ўзанларидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш кабилар учун жарималарни ошириш ва қатъийлаштириш чоралари кўрилади.

XS
SM
MD
LG