Ссылки доступа

Бишкек мэри жамоат транспортида юриш учун соатбай тўловни жорий этишни таклиф қилди


Таклиф этилаётган тизимга кўра, йўловчи маълум вақтда бир неча марта жамоат транспортидан фойдаланса, йўл ҳақини фақат бир марта тўлаши мумкин бўлади.

Бишкек мэри Ойбек Жунушалиев жамоат транспортида йўлкира учун тўлов тизимини қайта кўриб чиқишни топширди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Таклиф этилаётган тизимга кўра, йўловчи маълум вақтда бир неча марта жамоат транспортидан фойдаланса, йўл ҳақини фақат бир марта тўлаши мумкин бўлади. Масалан, агар йўловчи бир соат ичида учта автобусда юриб жами 51 сўм (17 сўмдан) тўлаётган бўлса, янги тизимда у атиги 17 сўм тўлаши мумкин бўлади.

Бишкекда жамоат транспортида янги тарифлар 2024 йил январь ойи ўрталаридан кучга кирди. Бишкек шаҳар кенгаши қарорига кўра, йўлкира нархи нақд пул билан тўланганда 20 сўмни, нақд пулсиз тўланганда эса 17 сўмни ташкил этди. Хусусий автобуслар ва йўналишларда йўл ҳақи 20 сўмни ташкил этган.

Жамоат транспортида тарифлар оширилгандан сўнг, пойтахт мэрияси Бишкек марказидан хусусий йўналишларни режали равишда чиқариб, уларни газда ишлайдиган автобусларга алмаштиришни бошлади. Бундан ташқари, Ўшга троллейбуслар бериб юборилган, уларнинг ўрнига 120 та электробуслар қўйилмоқда.

XS
SM
MD
LG