Ссылки доступа

Олий суд: Қозоғистон мактабларида ҳижобга тақиқ бекор қилинмаган


Қозоқ жамиятида бир неча йиллардан бери мактабларда диний либос масаласи қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда.

Қозоғистон Олий суди мактабларида ҳижобга тақиқ бекор қилинганини инкор этди. Аввалроқ Олий суднинг бир қарорини шу йўсинда талқин этган хабарлар медиа маконда тарқалган эди.

Бунга талқинга 24 сентябрь куни қарағандалик ҳуқуқбон Жаслан Айтмаганбетовнинг нотўғри изоҳи сабаб бўлган. "Қозоғистон Олий суди вилоят судининг қарорини бекор қилди ва бундай чекловлар таълим олиш ҳуқуқини бузишини тан олди," - деб ёзганди Айтмаганбетов Инстаграмдаги саҳифасида.

Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, суд мактабда ҳижобнинг қонунийлиги масаласини кўриб чиқмаган. Кассация инстанцияси фақат мактаб ўқувчиларини машғулотларга қўймаслигини ноқонуний деб топди, чунки таълим олиш ҳуқуқи фуқароларнинг асосий конституциявий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади, дейилади Олий суд матбуот хизмати хабарида.

Суднинг қўшимча қилишича, мактабларда мажбурий мактаб формаси талабларини киритиш ваколати тегишли вазирликда мавжуд. Вазирнинг тегишли буйруғи ноқонуний деб топилмаган ва бекор қилинмаган.

Аввалроқ Конституциявий суд мактабда рўмолга қўйилган тақиқ Конституцияга зидлигини кўриб чиқишни рад этганди. Конституциявий суд бу масалани кўриб чиқмаслигини судлар ёки бошқа давлат органларининг ваколатига кирувчи масалаларни кўриб чиқишдан "тийилиши" билан изоҳлаган.

Шу кунларда Қарағанда, Павлодар ва Олмаота вилоятларида судлар рўмол ўраган ўқувчи қизларнинг фойдасига қарор чиқариб, мактабларни уларни дарсларга киритишга мажбур қилди. Худди шундай иш Туркистон вилоятида ҳам кўриб чиқилган.

Таълим вазирининг "Мажбурий мактаб формаси тўғрисида"ги буйруғи билан мактабда диний либос тақиқланган. Диний либос сифатида ҳижоб, ниқоб ва бурқалар тилга олинган. Вазирликнинг топшириғини рўкач қилаётган мактаблар раҳбарияти қозоқларнинг анъанавий оқ рўмолини ҳам ҳижобга тенглаштириб, мактаб ҳудудида уни ечишни талаб қилмоқда.

Айни пайтда мамлакат судларида рўмол ўраган қизлар мактаб раҳбарияти томонидан дарсларга киритилмаётгани устидан 13 та даъво киритилган.

Қозоқ жамиятида бир неча йиллардан бери мактабларда диний либос масаласи қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG