“Марҳуманинг акаси фожиали воқеа оқибатида руҳан азоблангани, соғлиғи ёмонлашгани ва меҳнат қобилиятини йўқотганини маълум қилди. Даъвода, шунингдек, жиноят иши доирасида юридик хизматлар учун кетган харажатлар ҳам кўрсатилган”, дейилади хабарда.
Суд қарорига кўра, синглисининг ўлими Амангелдининг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатган ва унинг шахсий номоддий ҳуқуқлари бузилган. Шу сабабли даъво қисман қаноатлантирилган.
Бишимбаевга 6 877 672 тенге ($14,3 минг) миқдорида жиноят иши бўйича қилинган харажатлар ҳамда 10 миллион тенге (20,8 минг доллар) миқдоридаги маънавий зарар ундирилган.
Август ойида Амангелди Бишимбаевга нисбатан моддий зарарни ундириш ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисида янги даъво қўзғатган. Амангелди даъво адвокатлар, турар жой ва парвозлар учун сарфланган харажатларни қоплаш учун қўзғатилганини тушунтирган. Миқдор эълон қилинмаган.
13 май куни Бишимбаев 24 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. У ўта шафқатсизлик билан қасдан одам ўлдиришда айбланган эди. Аввалги маҳкамада у мазкур айбловларни рад этиб, қасддан одам ўлдирмагани, тергов эса ижтимоий тармоқлар ва ОАВ томонидан бўлган босим таъсирига тушиб қолганини иддао қилган.
Суд материалларида қайд этилишича, Бишимбаев 2023 йил 8 ноябрь оқшомида ўз оиласига тегишли Bau ресторанида хотини билан жанжаллашиб қолган. У Салтанат Нукеновани дастлаб ҳожатхонада, кейин эса лифтдан чиқишда калтаклаган. Пировардида аёл олинган жароҳатлар туфайли жон таслим қилган.
Собиқ иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаев 2018 йилнинг март ойида коррупцияда айбланиб, 10 йилга қамалган эди. У Қизилўрда шаҳрида шиша заводини қуриш учун ажратилган миллиард тенгени ўзлаштиришда ҳамда қурувчилардан пора олишда айбланган. У 2019 йил октябрь ойида шартли равишда озодликка чиқарилган эди.