Ссылки доступа

Ўтган бир ой ичида Тожикистонда етти нафар журналист ва блогер ҳибсга олинган


Абдусаттор Пирмухаммадзода
Абдусаттор Пирмухаммадзода

Тожикистон ҳукумати журналистларга қарши кенг кўламли репрессияларни давом эттирмоқда. Бироқ расмийлар ҳеч қайси ҳолатга расман изоҳ бермаяпти.

Дам олиш кунларида Ички ишлар вазирлиги ходимлари давлат телевидениесининг собиқ ходими Завқибек Саидамини қўлга олди. Сўнгги йилларда у қурилиш майдончасида ишлаган, лекин блог юритиш билан ҳам шуғулланган. Унинг ҳибсга олинишидан бир кун ўтиб расмийлар давлат радиосининг яна бир собиқ ходими Абдусаттор Пирмуҳаммадзодани ҳибсга олди. У такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашдан ташқари, блог юритиш билан шуғулланган. Охирги ҳафталарда маҳбусларнинг иккаласи ҳам ҳукуматни бошқа ҳамкасбларини ҳибсга олгани учун танқид қилган.

Тожикистон журналистлари орасида Завқибек Саидамини ва Абдусаттор Пирмуҳаммадзоданинг ҳибсга олиниши ҳукуматнинг мухолифатга қарши кенг кўламли репрессияларининг давоми деб аталади.

"Бу давлат тузилмаларининг жамоатчилик фикрини назорат қилишга уринишларининг давоми. Ўйлайманки, ҳуқуқ-тартибот идоралари бу хатти-ҳаракатлари билан жамоатчилик фикрини назорат остига олишга ҳаракат қилмоқда, бироқ уларнинг хатти-ҳаракатлари жаҳон ҳамжамиятининг тескари муносабатига сабаб бўлади", - дейди Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари ассоциацияси раҳбари Нуриддин Қаршибоев.

Сўнгги бир ой ичида Тожикистонда етти нафар журналист ва блогер қўлга олиниб, ҳибсга олинган. Бироқ расмийлар ҳеч қайси ҳолатга расман изоҳ бермаяпти. Бундан ташқари, мамлакатда номаълум шахслар томонидан журналистларга ҳужум қилиш, ички ишлар бўлимларига асоссиз қўнғироқ қилиш ҳолатлари қайд этилиб, улар давомида ОАВ ходимларидан телефон ва иш компьютерлари тортиб олинмоқда. Ушбу журналист ва блогерларнинг баъзилари ижтимоий фаолият билан шуғулланган ёки ўз касбидан ташқари ишлаган. Бироқ уларнинг барчаси ижтимоий тармоқларда ёки блог юритишда фаол эди.

Журналистлар орасида биринчи ҳибсга олинган шахс Улфатҳоним Мамадшоева эди. Сўнгги йилларда у журналистлик билан бир қаторда фуқаролик жамиятида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Расмийлар Мамадшоевани ҳукуматни ағдариш ва Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган оммавий чақириқларда айбламоқда.

Ҳибсга олинганлар орасида Хушруз Жумаев ҳам бор, у ижтимоий тармоқларда Хушом Ғулом номи билан танилган. У ўзининг YouTube каналини бошқариб, асосан Помир халқларининг тарихи, тиллари ва маданияти ҳақида материаллар тайёрлаган. Ноябрь ойида Хоруғдаги норозилик намойишларидан сўнг Жумаев ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда Гулбиддин Зиёбековнинг ўлими ҳолатларини ўрганаётган «44-комиссия» жамоатчилиги аъзоларига ёрдам бера бошлади. Жумаев конституциявий тузумни зўравонлик йўли билан ўзгартиришга оммавий даъват қилганликда айбланмоқда.

16 июнь куни “Комсомолец Таджикистана” газетасининг собиқ журналисти Мамадсултон Мавлоназаров ўз уйида ҳибсга олинган. Яна бир журналист Далер Эмомали 18 июнь куни ҳибсга олинган. Эмомали билан бирга журналист Абдулло Гурбатий ҳам ҳибсга ташланган.

Аммо Завқибек Саидамини нима сабабдан ҳибсга олингани ҳозирча номаълум. Давлат каналини тарк этгач, Саидамини савдо-сотиқ билан шуғулланиб, кейин қурилиш майдончасига кранчи бўлиб ишга кирган. Айни пайтда у блог ҳам юритарди. Охирги ҳафталарда у ҳибсга олинган журналистлар ҳақида гапирган.

Саидамини ҳибсга олинганидан бир кун ўтиб Абдусаттор Пирмуҳамадзода Вахдат шаҳар ички ишлар бўлими олтинчи бўлимига чақирилган. Ҳибсга олинишидан икки кун олдин полиция унинг телефонини тортиб олиб, ундан ижтимоий тармоқларда ёзиш ва гаплашишни бас қилишни талаб қилган.

Бундан ташқари, мамлакатда фаолияти тақиқланган Ислом Уйғониш партиясининг партия газетасида ишлаган уч нафар журналист айни дамда Тожикистонда жазо муддатини ўтамоқда. Раҳматулло Ражаб ва Абдуқаҳҳор Давлат 28 йилга, Ҳикматуллоҳ Сайфуллозода эса 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.

XS
SM
MD
LG