27 май куни Ўзбекистондаги барча масжид имомлари ижтимоий тармоқларга чиқмаслик, ижтимоий тармоқдаги постларга лайк босмаслик ҳақида огоҳлантириш олишди.
Тошкент шаҳри бош имом-хатиби ёрдамчиси Эргаш Рустамов номидан туман бош имом-хатибларига Телеграм мессенжери орқали юборилган аудио мурожаатда ижтимоий тармоқлардаги чиқишларни қатъий назоратга олиш ҳақида сўз боради.
“Ассалому алайкум, ҳурматли туман бош имом-хатиблари. Навбатдаги топшириғимиз, ижтимоий тармоқларга чиқмаслик. Уни қатъий назоратга оламиз. Ҳаж сафарида бўлганларга ҳам тегишли. Имом-хатиблар, ноиби имомларга ҳаммага етказиш лозим бўлади. Шунингдек, ижтимоий тармоқдаги бирон мавзуни ўқиб унга лайк босмаслигимиз шарт. Буни барча имом хатиблари имом ноибларига етказамиз ва назоратга оламиз”, - дейди Рустамов.
Озодлик суҳбатлашган имомлар диний идоранинг сўнгги қарорини ўз фаолиятлари устидан давлат назоратининг кучайтирилиши деб талқин қилишди.
Хавфсизлик боис исмини очиқламасликни сўраган тошкентлик имом Озодлик билан суҳбатда имомларга тармоқда чиқишнинг чекланиши виждон эркинлиги ҳақидаги қонунга зид, дейди.
“Имом- хатибларни ижтимоий тармоқда чиқиш қилишларини чеклаб, ҳатто лайк босмасликка ундашмоқда. Агар шундай қилинадиган бўлса, имом-хатиб чақирилиб, интизомий жазо қўлланишини айтишмоқда. Бу эса инсон ҳуқуқлари ва виждон эркинлиги ҳақидаги қонунларга зид”.
Озодликка гапирган бошқа бир тошкентлик имом тармоқларда чиқишга қўйилаётган чеклови Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раҳбари, муфтий Нуриддин Ҳолиқназаровнинг буйруғи билан бўлаётганини айтиб, буни имомлар устидан назоратни кучайтиришга уриниш, деб атади.
“Бу муфтийнинг буйруғи дейишяпти. Қўл-оёғимизни боғлаб қўйишяпти”, дейди тошкентлик имом.
Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби ёрдамчиси Эргаш Рустамов имомларга ижтимоий тармоқларда чиқиш нима учун тақиқланаётгани ҳақида Озодлик йўллаган ёзма саволга: “Минг бор узур, ман бунака гаплардан хабарим йук АКА!”, дея жавоб берди (имло сақланди-таҳр.)
Озодлик мухбирининг ўзининг аудио мурожаатига аниқлик киритиш ҳақидаги саволини Эргаш Рустамов жавобсиз қолдирди.
Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси вакили Озодлик билан суҳбатда имомларга шундай топшириқ бўлганини тасдиқлади, аммо бирон расмий изоҳ бермади.
Сўнгги вақтларда қатор имом-хатиблар, диний идора таъбирича, ўзларининг мақом-рутбаларига тўғри келмайдиган чиқишлари боис лавозимдан четлатилган.
Халқ орасида “Исҳоқжон домла” номи билан танилган имом сўнгги чиқишида “Кешбэк”ни ўйлаб топганлар халққа, савдогарларга зулм қиляпти”, деб айтган эди. Унинг солиқларга доир фикри ҳам мунозараларга сабаб бўлган.
Тошкентдаги “Тўхтабой” масжидига имом-хатиблик қилган Исҳоқжон домла 2017 йилда Наврўз байрами ва унинг атрофидаги урф-одатларни кескин танқид қилгани сабаб ишдан бўшатилган эди.
2023 йил январь ойида Тошкент вилоятидаги “Эшонхўжа ота” масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромовнинг ёш қизчага таҳдид ва ҳақорат ёғдиргани аудиоси ижтимоий тармоқни жунбишга келтирди. А.Баҳромов 16 ёшда экани айтилган қизга “бошини аквариумга тиқиш”, “cўйиб ташлаш”, “юрагини суғуриб олиш” билан таҳдид қилади.
Ўрганишлардан кейин у имомликдан бўшатилди ва 3 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
2022 йил сентябрь ойида пойтахтдаги “Азиз ота” жоме масжиди имом ноиби Мирсобит Воҳидов уламолар шаънини тўкаётганларнинг бармоғини синдиришга ундаган.
Тармоқларда йирик даҳанаки можаро чиқарган яна бир имом, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги «Фатҳ» жоме масжидида имом ноиби бўлган Солихон домла - Солихон Ортиқхўжаев бўлди.
У ичкиликка берилган мусулмонларни гапираркан, Хоразм вилояти аҳолисини умумлаштириб қоралагани кескин норозиликка сабаб бўлди.
Тармоқларда имомни қонуний жавобгарликка тортиш талаблари янгради. Норозиликлар ортидан Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси имомни вазифасидан четлатди.
Бундан ташқари, Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Бош имом хатиби, Шукрулло Эгамбердиев (Шукрулло домла)нинг маърузаларидан бирида аёл кишига нисбатан “расво” жумласини қўллагани ҳам тармоқларда қораланди.
Тошкентнинг бош имом-хатиби лавозимида ишлаган зиддиятли уламо Раҳматуллоҳ Сайфутдинов эса олдинроқ эркакларнинг доялик қилишини шармандалик, турк сериалларини эса миллат зеҳниятига зарарли, деган чиқишлари ортидан тармоқларда “психогенетик имом” лақабини олган эди.
Ўзбекистоннинг собиқ Адлия вазири Русланбек Давлетов икки йил аввал “жамиятда бўлинишларга сабаб бўлаётган" дин пешволарини огоҳлантирганди.
У имомларнинг мунозарали чиқишларига тўхталиб, уларнинг “ўз қарашларидан келиб чиқиб жамиятда ўлчов белгилашига йўл қўйилмаслиги”ни таъкидлаган.
“Америкалик ёзувчи Дэвид Фримен “одамларга дўзахга кириш-кирмаслик танловини ўзларига қўйиб беринглар» деган. Ўзи кирадику, кирса! Буни катта олимлар бекорга айтмаган. Бу жамият ривожланиши учун катта аҳамиятга эга бўлган нарсалар. Ўзининг диний ўлчовлари, уйидаги қарашлари билан жамиятга ўлчов қўйишга йўл қўймаймиз, чунки қонун бор”, деганди вазир.
Ўтган йил сентябрь ойида ўтказилган ҳукумат йиғилишида мамлакатда "диний радикаллашув кучайиб бораётганидан" ташвиш билдирилган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бу соҳадаги назорат кучайтирилиши айтилган.
Мажлисда иштирок этган мулозимлардан бирининг Озодликка айтишича, давлат хизматчилари, ҳукумат аъзолари орасида ҳам хизмат жойларида намоз ўқиш, шаръий никоҳ асосидаги кўпхотинлик ва диний русумдаги анжуманларга бориш тенденцияси кучайгани танқид остига олинган.
Озодлик манбаси Бош вазир Ариповнинг “Амалдорлар ё динни танласин, ёки давлатдаги ишини танласин” деган сўзларини келтирган.
Бунинг ортидан Ўзбекистоннинг бир неча масжидларидаги овоз кучайтиргичларда азон овозлари пасайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита маълумотига кўра, 2021 йилнинг 1 август ҳолатига мамлакатда 16 та конфессияга мансуб 2 285 та диний ташкилотлар мавжуд.
Бундан 2098 таси исломий, 188 таси бошқа диний оқимларга мансуб ташкилотлардир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, дин давлатдан ажратилган. Диний ташкилотлар ва конфессиялар фаолияти Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.