Қозоғистон сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги Россиядаги тошқинларга таъсир қила олмаслигини таъкидламоқда. Қозоқ расмийларининг айтишича, Тобол дарёсининг сувлари Россиядан келади ва сувни қўйиб юбориш борасидаги қарорлар шу оқимнинг ҳажмига қараб қабул қилинади.
Россияликлар Қозоғистонни тошиб кетаётган сув омборлардан келишмаган ҳолда сув ташлаётганликда айбламоқда. Жумладан, бир кун аввал Россия президентининг Урал федерал округи бўйича вакили Владимир Якушев Қозоғистондаги омбордан сувни ташлаш "бироз мувофиқлаштирилган тарзда амалга оширилса яхши бўлар эди" деган.
"Қозоғистон Россиядаги вужудга келаётган тошқинларига таъсир қилмоқда дейиш бироз ҳақиқатга тўғри келмайди. Қозоғистон томони Тобол дарёсига сувларни ташлаш бўйича қарорларни Россияни хабардор қилган тарзда қабул қилмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.
Қозоғистон ва Россиянинг қатор вилоятларида апрель ойи бошидан дарёларнинг сатҳи кўтарилиб, кенг кўламли тошқинларга сабаб бўлмоқда. Қозоғистоннинг ўнта вилоятида фавқулодда ҳолат эълон қилинган, ўн минглаб аҳоли бошқа жойга кўчирилган. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ушбу тошқинларни "анчадан бери тенги кузатилмаган табиий офат” деб атади.
Россияда тошқинлар Сибир, Волга ва Марказий федерал округлардаги 39 та туманда қайд этилган. 10,5 мингдан ортиқ турар-жой бинолари сув остида қолган. У ерда ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилиниб аҳоли эвакуация қилинган.