Қирғизистон Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон, Беларус, Грузия, Озарбайжон ва Молдова фуқаролари учун мамлакатда қолиш қоидаларини кучайтирди.
Рақамли ривожланиш вазирлиги хабарида айтилишича, бешинчи сентябрдан ҳукуматнинг 2024 йил 31 июлдаги қарори қоидалари кучга кирган.
Ҳозирги вақтда Россия, Қозоғистон, Беларус ва Арманистон фуқаролари Киргизистонга кирган пайтдан бошлаб 180 кунлик давр ичида 90 кун, Тожикистон, Грузия, Озарбайжон ва Молдова фуқаролари эса 120 кунлик давр ичида 60 кун қолишлари мумкин. Бунда уларнинг барчаси Аҳолига хизмат кўрсатиш марказларида рўйхатдан ўтказилиши керак.
90 ёки 60 кун ўтгач, ушбу саккиз давлат фуқаролари Қирғизистон ҳудудини тарк этиши ёки ариза бериш орқали қолиш муддатини узайтириши мумкин эди. Эндиликда, фақат вақтинчалик яшаш гувоҳномаси, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси, "мекен-карта" (чет эл фуқаролигига эга бўлган ватандошнинг ҳужжати) ёки қайрилман мақоми мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжат (Қирғизистонга кўчиб ўтишни истаган этник қирғизларга берилади) мавжуд бўлган тақдирдагина қолиш муддатини чўздириш мумкин бўлади.
Янги нормалар Қирғизистонга шахсий мақсадларда келган фуқароларга тааллуқли. Иш ёки ўқиш мақсадида келганларга, шунингдек, инвесторларга бу қоидалар тааллуқли эмас.
2023 йил октябрь ойида Қирғизистон расмийлари чет элликлар учун соддалаштирилган виза режимини бекор қилиб, унинг ўрнига 90/190 ва 60/120 тамойили бўйича визасиз режим жорий қилганди.
Қирғизистон Россия ва яна етти давлат фуқароларига мамлакатда қолиш қоидаларини кучайтирди

Бешинчи сентябрдан ҳукуматнинг 2024 йил 31 июлдаги қарори кучга кирган.