Ссылки доступа

АҚШ Мудофаа вазири: "Эркин дунё Украина мағлуб этилишига йўл қўймайди"


Ллойд Остин ва Украина мудофаа вазири Рустем Умеров
Ллойд Остин ва Украина мудофаа вазири Рустем Умеров

АҚШ фикрича, “Украина жанговар қудрат борасида Эрон ва Шимолий Кореядан ҳарбий кўмак олаётган Россияга тенг келолмаяпти".

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Вашингтон ва иттифоқчилар Украина Россия билан урушда мағлуб бўлишига йўл қўймаслигига ишонтирди - гарчи АҚШ Конгресси ҳамон Киевга ҳарбий ёрдамни маъқулламаган бўлса ҳам.

Остин бундай муждани НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг “Рамштайн формати”даги учрашувида берган, деб хабар бермоқда Америка Овози .

Пентагон раҳбарининг таъкидлашича, “Украина қўшинлари оғир шароитда жанглар олиб бормоқда”. Номи ошкор этилмаган америкалик ҳарбий мулозим учрашув олдидан журналистларга айтишича, АҚШ фикрича, “Украина жанговар қудрат борасида Эрон ва Шимолий Кореядан ёрдам олаётган Россияга тенг келолмаяпти".

Учрашув ортидан ўтказилган матбуот анжуманида Остин фронтдаги вазиятдан хавотирда эканлигини яширмади. "Украинанинг омон қолиши ва Американинг хавфсизлиги хавф остида", деди у ва Қўшма Штатлар Киевга ёрдам беришда давом этишига амин эканини қўшимча қилди. "Ҳарбий ёрдам Украина учун омон қолиш ва суверенитет масаласи, Қўшма Штатлар учун шараф ва хавфсизлик масаласи", деди у.

19 март куни Рамштайнда айнан нималар муҳокама қилингани ҳақида ҳозирча тафсилотлар йўқ.

Аввалроқ АҚШ Сенати Украинага ёрдам тариқасида жами 60 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратишни маъқуллаган эди. Бироқ, Вакиллар палатасидаги республикачилар бунга қарши. Улар Украинага ёрдамни кредитлар кўринишида беришни истаяпти. Бундай усулни республикачилардан президентликка номзод Доналд Трамп илгари сурган. Ёрдамнинг у ёки бу варианти қачон тасдиқланиши ҳозирча ноаниқ. Байден маъмурияти буни имкон қадар тезроқ амалга оширишга чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG