Ссылки доступа

Ўзбекистон Россия ерларини ижарага олмоқчи


Ўзбек муҳожири Самара вилоятининг кунгабоқар экилган майдонида.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россия Федерациясида 1 миллион гектаргача майдонда соя ва буғдой етиштиришни режаламоқда. Ҳозирча томонлар бу лойиҳани 35 минг гектар ерда синовдан ўтказишдан бошлашга келишган.

Бу ҳақда 1 октябрь куни Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари билан ўтказган видео-музокарадан сўнг эълон қилинди.

Ўзбек томони тарқатган хабарда айтилишича, Россия қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон–Россия лойиҳасини қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканини билдирган.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон бозорининг эҳтиёжларини қондириш учун Россияда 1 миллион гектаргача майдонда соя, буғдой, мойли экинлар етиштиришни ташкил этишни режалаштирмоқда. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабарича, экилиши режалаштирилаётган айнан шу ўсимликлар Россиянинг табиий тупроқ ва иқлим шароитларига мос ҳисобланади.

Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин ҳозирда Россияда фойдаланиш учун тахминан 8-13 миллион гектар майдон борлигини ва Россия Федерациясининг 23 та субъекти Ўзбекистон-Россия лойиҳасини қўллаб-қувватлашга олдиндан қизиқиш билдирганини айтди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевнинг Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Сергей Левин билан онлайн режимида ўтган музокаралардан сўнг маълум қилишича, ҳозирда ўзбек томони 35 минг гектар майдонда алоқа ва ўзаро ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйишни режаламоқда. Вазирнинг сўзларига кўра, ҳосил кейинчалик Ўзбекистонга экспорт қилинади.

Вазирлик маълумотларига кўра, мойли, соя, буғдой экинлари Россияда табиий тупроқ ва иқлим шароитига эга.

Томонлар октябрь ойида Ўзбекистон ишчи гуруҳининг Россия Федерациясига ташрифи чоғида лойиҳани амалга оширишнинг аниқ механизмлари ва шартларини муҳокама қилишга келишиб олгани маълум қилинди.

Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги масалаласи бўйича йирик мутахассислардан бири ўзбек фермерларининг Россияда фаолият олиб боришини ижобий баҳолади.

Айни пайтда исми тилга олинмаслигини сўраган экспертнинг фикрича, лойиҳани амалга оширишда айрим тўсқинликлар юзага келиши мумкин.

- Умуман олганда, бу келишувни жуда ижобий баҳолаш мумкин. Агарда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси ҳақиқатан амалга ошадиган бўлса, бу озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи бўйича катта ғалаба бўлади. Бу Ўзбекистоннинг буғдой ёки бошоқли экинлар масаласи бўйича олдига қўйган масалалари ечими деганидир. Аммо бу ерда бир қанча ташкилий саволлар юзага келиши мумкин.

Ўзбекистонлик экспертнинг сўзларига кўра, Россиянинг ўзида буғдой ва мойли экинлар етиштирадиган фермерлар ва хўжаликлар жуда кўп.

-Аслини олганда, бўшаб ётган ерларнинг ўзи йўқ Россияда! Ўзбек фермерлари бу соҳага Россияда кириб келадиган бўлса, уларга қанақа ерлар ажратилади? Гап шундаки, Россиядаги фермерларнинг ўзлари лалми ва қоратупроқли ҳосилдор ерларни яхши ўзлаштириб олган ва ундан фойдаланишни йўлга қўйган. Билишимча, ўзбекистонлик муҳожир фермерларга чекка ва ўзлаштирилмаган ёки суғориладиган ерлар берилиши хавфи мавжуд.

Айни пайтда бу экинлар Россиянинг қайси минтақаларида етиштирилиши номаълум. Бериладиган ерлар рус фермерлари билан тенг асослардами ёки икки давлат ўртасидаги қандайдир бошқача шаклдаги ҳамкорлик асосида берилиши ҳам қоронғу. Шу билан бирга, ўзбек деҳқонларининг ҳуқуқлари ва меҳнатлари қандай ҳимоя қилиниши, ер ажратиш тартиби ва қандай расмийлаштирилиши ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Айни пайтда, рус фермерлари коронавирус пандемияси чекловлари ортидан мигрантларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши туфайли жиддий ишчи кучи танқислигига дуч келмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотича, биргина Астрахан вилоятида 11 минг муҳожир ишчига эҳтиёж мавжуд. Ҳатто кунлик иш ҳақининг 1200 дан 1500-2000 рублгача кўтарилиши ҳам маҳаллий ишчиларни далаларга жалб қила олмаган.

Натижада, охирги бир-икки йилда Россиянинг барча минтақаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, сабзавот-мевалар, айниқса оммабоп картошка нархининг кескин кўтарилишига олиб келди.

Картошка мавсуми авжига чиққан бир пайтда Астрахан бозорларида унинг килограмми 45 рублдан сотилмоқда. Оддий россияликлар картошка нархининг ошишидан норози.

Россиянинг бошқа ишлаб чиқариш соҳалари тадбиркорлари ҳам ишчи кучи етишмовчилигидан азият чекаётганини айтиб келмоқда.

Ҳозирги кунга қадар Москва, Астрахан, Белгород, Челябинск, Курск, Магадан ва Приморский ўлкаларида хорижий ишчи кучига бўлган эҳтиёж сақланиб қолмоқда.

Олдинроқ, Россия Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Минстрой) хорижлик ишчиларнинг Россияга енгиллаштирилган тартибда кириб келишига йўл очиб беришни сўраб, ҳукуматга мурожаат йўллаган эди.

Бунинг ортидан Россияда фаолият юритаётган юристлар ва ҳуқуқ фаоллари мамлакатга киришига тақиқ бўлган тожикистонлик ва ўзбекистонлик муҳожирлар учун норасмий “амнистия” қўлланганини хабар қила бошлади.

Халқаро полиция ассоциациясининг Россия бўлими президенти, генерал -лейтенант Юрий Ждановга кўра, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида Россияда қайдга турган 6,5 миллионга яқин хорижлик ишчилардан қарийб 1,9 миллионини бу мамлакатга ихтиёрий равишда иш излаб борган ўзбекистонликлар ташкил этади.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги пандемия шароитида иш берувчилар билан олиб борилган музокаралар натижасида 2021 йилнинг биринчи олти ойида 22116 нафар Ўзбекистон ватандоши Россия Федерациясига ишга жўнатилганини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG