Суриштирув¸ тузилар-тузилмас махфий қарорлар билан давлат компанияларига табиий газ сотиш ва Туркманистондан газ импорт қилиш имтиëзи берилган ўртакаш компаниянинг президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари ва Мирзиëевнинг кенжа куëви Отабек Умаров ҳамда унинг шерикларига алоқадорлигини фош қилди.
Қонунларда кўзда тутилмаган бундай ўртакашликдан миллионлаб долларни ўзлаштирган Ultimo Group Limited МЧЖга берилган имтиëзлар Ўзбекистон энергетика соҳасидаги коррупцион схемалардан бири холос.
Суриштирув бу схеманинг Умаровга алоқадор хориждаги компаниялар занжирига боғланишини¸ қолаверса бу занжирни бириктириб турган реал ва номинал шахслар тармоғини кўрсатди.
Озодлик суриштирув эълон қилинишидан бир ҳафта олдин Президент администрацияси¸ Энергетика вазирлиги¸ “Ўзбекнефтгаз”¸ “Ўзтрансгаз” каби давлат идоралари ва ширкатлари¸ шунингдек суриштирувда номи тилга олинган шахс ва хусусий компанияларнинг ҳар бирига ëзма саволлар билан мурожаат қилди.
Ultimo Group Limited МЧЖнинг икки таъсисчисидан бири – Туҳфатхўжа Анвархўжаевдан бошқа бирор шахс ëки идора бу саволларга жавоб бермади. Ўз жавобида Анвархўжаев компаниянинг Умаровга алоқадор эканини инкор қилди.
Суриштирув эълон қилинганидан икки ҳафта ўтиб ҳам бу коррупцион схемага йўл очиб берган давлатнинг ваколатли идоралари чурқ этмади. Озодликнинг аввалги суриштирувларида кузатилгани каби¸ бу гал ҳам мутасадди идоралар тармоқдаги бўрон босилиши ва унутилишини кутгандек сукут сақлашди.
Айни пайтда¸ суриштирув қаҳрамонларидан айримлари унда келтирилган баъзи маълумотларни ўзгартириш тараддудига тушди.
Хусусан¸ тузилганидан бери ишламай келаëтган ultimogroup.uz веб саҳифаси суриштирув чиқар-чиқмас “ишлаб кетди”.
Озодлик билан телефон суҳбатида Ultimo Group Limited МЧЖ директори Равшан Муталов компаниянинг қарийб икки йилдан бери ишламаëтганини айтди.
Озодлик суриштирувига билвосита реакциялар унда тилга олинган айрим персонажларнинг Инстаграм саҳифаси ва уларга расмийлаштирилган бошқа компаниялар сайтида ҳам кузатилди.
Хусусан¸ БААда Отабек Умаров бизнес манфаатларини бошқариб келаëтган Дониëр Қодиров аввалига ўзининг Инстаграм саҳифасини ëпиб қўйди. Саҳифа кўп ўтмай қайта очилганида¸ ундан Қодировнинг Умаров ва шериклари билан бирга тушган сурати ғойиб бўлди.
Айни шундай Дониëр Қодировга алоқадор Дубайдаги Ultimo Group ва Rushmore компанияларга берилган телефон рақамлари ҳам суриштирув эртасига сайтдан ғойиб бўлди.
Ҳукумат ва Озодликнинг навбатдаги суриштируви марказига тушган давлат компаниялари ва Отабек Умаров каби шахслар унга “одобли сукут” билан жавоб қилаëтган бўлса¸ унда фош этилган коррупцион схема оддий жамоатчиликни яна жунбушга солди.
Озодлик суриширувини кўрганларнинг аксар қисми бу сукутнинг аломати ризо экани¸ яъни Мирзиëев администрациясидан тортиб Энергетика вазирлигига қадар келтирилган фактларни инкор эта олмаслигини тан олиш талқин қилмоқда.
Youtubeдаги аксар шарҳлар ўзбек жамоатчилигининг Мирзиëев олиб бораëтган сиëсат¸ хусусан энергетика соҳасидаги жараëнлардан¸ юмшоқ қилиб айтганда¸ қанчалик ҳафсаласи пир бўлгани¸ ҳукуматга ишончнинг нақадар камайиб бораëтгани ифодасига айланди.
Ўзбекистонни йирик газ сотувчи давлатдан Россиядан газ сотиб олувчи давлатга айлантирган жорий ҳукумат¸ хусусан¸ биринчи Оила вакиллари¸ бу шарҳларда муттасил қарғиш нишонига айланган.
Ҳукуматдан қонуний ҳақларини сўрашга журъат тополмаётган ўзбекистонликлар ўз ғазабини шу тахлит қарғишлар билан тўкиб солмоқда.
Озодликнинг охирги суриштирувини ҳукумат ва схема иштирокчилари каби чуқур сукут билан қарши олган яна бир тоифа, бу - маҳаллий матбуот ва танилган блогерлардир.
Дунëнинг бошқа мамлакатларига оид каттаю кичик янгилик ва суриштирувларни катта қилиб ëритиб келаëтган матбуот ва блогерлар ўзбекистонликлар кундалик ҳаëти ва мамлакат иқтисодини барбод қилиб келаëтган коррупцион схема фош этилишини кўриб кўрмаганга олди.
Бундай сукунатга хусусий суҳбатда изоҳ берган айрим етакчи нашр журналистлари ва блогерлар¸ Озодлик суриштирувини тилга олиш ўзлари учун жиддий хавф туғдиришини эътироф этдилар.
Маҳаллий медиа ва ҳокимиятга яқин блогерлар сукунатини 7 май куни журналист Шуҳрат Латипов бузди.
Рус тилидаги Телеграм постида Латипов Озодлик суриштирувида келтирилган факт маълумотлар ҳар бир ўзбекистонликнинг кундалик турмушига бевосита дахлдор эканини таъкидлади.
"Бу нима учун муҳим? Давлат мулки ҳисобланган цемент заводи товарларни бир неча баробар оширилган нархларда сотиб олади. Бу эса, ўз навбатида, давлат корхонаси харажатларини сунъий равишда ошириб, фойдани камайтириб, ишлаб чиқариш таннархини оширади. Натижада қурилишда ишлатиладиган цементни қимматига оламиз. Бу уйларнинг нархи ҳам ошиб бораётганини англатади. Шунингдек, даромаднинг пастлиги туфайли давлат корхоналари томонидан давлат бюджетига тўланадиган дивидендлар ҳажми (2021-йилда 442 млрд. сўм) камаймоқда. Давлат бюджетида қанча маблағ кам бўлса, ижтимоий соҳа (мактаб, шифохона, пенсия, нафақа), инфратузилма (йўллар, пиёдалар йўллари, ободонлаштириш)га сарфланадиган маблағлар шунчалик кам бўлади. Агар бюджет даромадлари пасайса ва харажатлар кўпайса (дефицит), бу қандайдир тарзда қопланиши керак. Бунда эса¸ давлат қарзи, хорижий кредитлар ва нисбатан юқори солиқлар ёрдамга келади. Буларнинг барчаси бизнинг ҳаётимизга бевосита таъсир қилади.
Бу ҳолатга давлат идоралари жавоб берса яхши бўларди. Айниқса, газ ва электр энергиясига тарифлар ошиб бораётгани ва катта бюджет тақчиллиги фонида", деди у.
Латипов блоги чоп этилишидан кўп ўтмай уни Ўзбекистондаги русийзабон блогерлардан бири – Кирилл Альтман репост қилишга ботинди¸ холос.
Ижтимоий тармоқда анча-мунча мухлисга эга бўлган бошқалар эса сукутини қўриш ëки Озодлик суриштирувига "эзоп тили"да муносабат билдиришда давом этмоқда.