Айблов икки банддан иборат бўлиб, уларнинг бири судланган бўла туриб ўқотар қурол сақлаганлик, иккинчиси эса серия рақами ўчирилган қурол сақлаганликдир.
Палм-Бич прокурори фикрича, Рутни очиқ-ойдин Трампга қарши жиноятда айблаш мушкул бўлади. Гумонланувчи муҳтамал суиқасд чоғида ундан 300 метрдан 500 метргача бўлган, бу Рут айнан собиқ президентни нишонга олганини тахмин қилиш учун жуда узоқ масофадир.
Мазкур иш бўйича тинглов 23 сентябрга белгиланган. Флорида штатининг Вест-Палм-Бич шаҳридаги гольф майдонида яқинда 15 сентябрь куни Дональд Трампга суиқасд уриниши ўлароқ кўрилган ҳодиса рўй бергани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
ОАВ хабарларига кўра, Рут аввал ҳам бир неча бор ҳуқуқбузарлик содир этган. У АҚШ нашрларига Афғонистон армиясининг собиқ аскарларини Украина Қуролли кучларида хизмат қилиш учун ёллашга урингани ва 2022 йилда бир неча ой Украина ҳудудида бўлгани ҳақида ҳам гапирган.
Суиқасднинг махфий хизмат агенти гольф майдонини ўраб турган буталар орасидан автомат тумшуғи чиқиб турганини кўргач, ўша томонга огоҳлантирувчи ўқ узгани ортидан олди олинган. Дональд Трамп ўша пайтда гольф ўйнаётган бўлган.
Рут автомобилда қочишга уринган, бироқ тез орада гувоҳлар кўмагида қўлга олинган. Гольф-клубни автойўлдан ажратиб турувчи панжарали тўсиқ ортидаги буталар орасидан мерган нишони ўрнатилган ярим автоматик милтиқ ҳамда видеокамера топилган.
Гумонланувчининг суиқасдга ундаган сабаб нима экани ҳозирча номаълум. Associated Press агентлиги маълумотига кўра, 2020 йилда у ижтимоий тармоқларда Дональд Трампни дастаклаши ҳақида ёзиб келган, бироқ сўнгги пайтларда Жо Байден ва Камала Ҳаррис тарафдорига айланган.