Грузия ҳукумати мамлакат президенти Саломе Зурабишвилининг Вилнюсга амалий ташриф билан боришига рухсат бермади.
Бу маълумот 4 апрель куни Вазирлар Маҳкамаси сайтида эълон қилинди. Тақиқ сабаби келтирилмаган.
Зурабишвили Вилнюсга амалий ташриф билан 10-12 апрель кунлари бормоқчи эди. Президент ҳозирча бу тақиққа ўз изоҳини бермаган.
Ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси бош котиби, Тбилиси ҳокими Каха Каладзенинг айтишича, Зурабишвилининг хатти-ҳаракатлари мамлакат тараққиётига тўсқинлик қилмоқда. Шунингдек, у Зурабишвили ўз атрофида “мамлакатга очиқчасига душман бўлган” радикал мухолифат кучларини тўплаётганини таъкидлади.
Грузия вазирларининг ушбу қарори ҳукмрон партия ва давлат раҳбари ўртасида адоват кучайиб бораётганининг яна бир белгисидир. Ўтган кузда Зурабишвилининг Грузиядаги обрўси ўсаётганидан хавфсираган "Грузия орзуси" партияси унга импичмент эълон қилмоқчи бўлган. Партия Зурабишвили 2023 йилда ҳукумат рухсатисиз қатор хорижий давлатларга бориб, Конституцияни бузганликда айбланган.
Бироқ парламент депутатлари импичментни қўллаб-қувватламаган. Озодлик радиосига берган интервьюсида президент партияни “демократия ва Грузиянинг Европадаги келажагини барбод қилаётганликда” айблаган.
Россиянинг Украинага тажовузидан сўнг Грузия ҳукумати Ғарб билан яқинлашишга ҳаракат қилишда давом этмоқда, бироқ Москвага ҳам қарши бормасликка интилмоқда. Россияпараст бўлмиш "Грузия орзуси" вакилларидан ташкил этилган ҳукумат Москванинг босқинчилигини қоралаган бўлсада, ўз россияпараст сиёсатида давом этмоқда.
Ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси бош котиби Каха Каладзенинг айтишича, Зурабишвилининг хатти-ҳаракатлари мамлакат тараққиётига тўсқинлик қилмоқда. Шунингдек, у Зурабишвилини ўз атрофида “мамлакатга очиқчасига душман бўлган” радикал мухолифат кучларини тўплаётганликда айблаган.