Нукус воқеалари бўйича асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратовнинг соғлиғи колонияда кескин ёмонлашган.
Бу ҳақда "Свобода Евразии" инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабар бермоқда.
Тажимуратовнинг онаси август ойи бошида Навоий шаҳридаги қатъий тартибли колонияда унинг ҳолидан хабар олган эди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълум қилишича, баракда фаоллар билан бирга 150 нафар маҳбус истиқомат қилади. Улар тоза ва хавфсиз ичимлик сувисиз, оғир шароитда сақланмоқда.
Тожимуратовнинг онасининг айтишича, у бир ой ичида 10 килограммга яқин вазн йўқотган. Унинг саломатликнинг ёмонлашгани колониядаги мажбурий меҳнат билан боғланмоқда. Тажимуратов, "Свобода Евразии"нинг ёзишича, оҳак ишлаб чиқариш цехида ҳимоя кийимисиз ва ниқобсиз ишламоқда. Унинг оёқлари, қўллари ва лабларида яралар пайдо бўлди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, фаолга тиббий ёрдам берилмаяпти.
Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан ҳукум Нукус воқеалари бўйича Бухорода шу йилнинг 31 январида якунланган судда ўқилган эди. Судда асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.
Илк суд бўйича 16 судланувчининг шикоятларини апелляция тартибида кўриб чиқиш шу йил 5 июнида якунланган. Олий суд ажримига кўра, Даулетмурат Тажимуратовга белгиланган 16 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилган, 8 нафар судланувчининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирган, 6 нафар судланувчининг эса жазо муддати қисқартирилган.
Нукус воқеалари деб ном олган норозилик чиқишлари ўтган йилнинг июль ойи бошида Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши бошланиб кетган эди. 1 ва 2 июль кунлари кузатилган норозиликлар чоғида, расмийларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.
Нукус воқеалари бўйича асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратовнинг соғлиғи колонияда кескин ёмонлашган.