Ссылки доступа

Грузияда Россия андозасидаги “хорижий агентлар тўғрисида” қонун расман қабул қилинди


Парламент раиси Шалва Папуашвили
Парламент раиси Шалва Папуашвили

Баҳсли қонунни парламент раиси Шалва Папуашвили имзолади

Грузияда “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни президент Саломе Зурабишвили бу гал ҳам маъқуллашдан бош тортганидан сўнг, уни парламент раиси Шалва Папуашвили имзолади. Бу ҳақида парламент спикери душанба куни маълум қилди, деб хабар қилмоқда "Эхо Кавказа" нашри.

Эндиликда ўз молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган барча ташкилотлар ва гуруҳлар хорижий агент ўлароқ рўйхатдан ўтишлари лозим бўлади. Қонун лойиҳаси ташаббускорлари қонун Грузияни чет элдан молиялаштириладиган норозилик акциялари, радикал партиялар ва пропагандачи медиадан ҳимоя қилиш учун зарурлигини айтишмоқда. Мазкур қонунни бузганлар йирик миқдорда жарима тўлашлари керак бўлади. Ҳужжат муаллифлари ундаги моддалар Россия қонунчилигидан эмас, АҚШ қонунчилигидан олинганини урғуламоқдалар.

Танқидчилар мазкур лойиҳани Россиядаги “хорижий агентлар тўғрисида”ги репрессив қонуннинг муқобили, деб атамоқда.

Қонунни қабул қилиш жараёни жуда мунозарали тарзда ўтди. Мухолифатчилар, хусусан, Михаил Саакашвилининг “Ягона миллий ҳаракат” партияси депутатлари қонун лойиҳаси фуқаролик жамиятига қарши қатағонларни машруълаштириб, Грузияни Ғарбдан юз буришига ва “Россия томонидан ютиб юборилиши”га олиб келишини иддао қилишмоқда.

Аввалроқ Грузияга Европа Иттифоқига аъзоликка номзод мақомини берган ЕИ қонун қабул қилиниши Европа Иттифоқи қадриятлари билан мувофиқ эмаслиги ҳамда Грузиянинг бу бирлашмага аъзолигини хавф остига қўйишини билдирган.

Қонун лойиҳасига ўн минглаб грузиялик қарши чиққан. Улар бир ойдан буён мамлакатнинг турли шаҳарларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроқларини кўтарган ва “Россия қонуни”ни қабул қилмасликни талаб қилган ҳолда норозилик намойишларига чиқишмоқда. Бу каби акцияларда ҳуқуқ-тартиботчилар билан тўқнашувлар кузатилган – полиция норозиларга қарши куч ишлатиб, улар фикрича, жамоат тартибини бузган намойишчиларни қўлга олган. “Хорижий агентлар”га оид қонун лойиҳасига қарши талабалар ҳам забастовкалар уюштиришган.

XS
SM
MD
LG