Ссылки доступа

Эрон президенти ва ҳамроҳлари авиаҳалокатда нобуд бўлди


 Эрон президенти Иброҳим Раисий
Эрон президенти Иброҳим Раисий

Эрон президенти Иброҳим Раисий ва ҳамроҳлари 19 май куни тоғли ҳудудда вертолёт қулаши натижасида ҳалок бўлишган.

Бу ҳақда Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанд маълум қилди дея хабар қилди IRIB ҳамда Mehr агентликлари.

“Афсуски, қулаган вертолёт жойи аниқланганидан кейин вертолёт йўловчилари тирик қолганига оид ҳозирча ҳеч қанақа белги йўқ”, деган Коливанд.

Бундан ташқари, исми ошкор қилинмаган эронлик мулозим Reuters агентлигига вертолёт қулаш натижасида тўлалигича ёниб кетганини маълум қилган.

“Президент Раисий, ташқи ишлар вазири ва вертолётнинг барча йўловчилари авиаҳалокат натижасида нобуд бўлишди”, деган юқори лавозимли мулозим агентликка.

Вертолёт бортида Иброҳим Раисийдан ташқари ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Табриз шаҳар масжиди имоми Саййид Муҳаммад Али Ҳошим, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳматий ва бошқа бир неча киши бўлган.

Эроннинг давлатга қарашли IRNA ахборот агентлиги Раисий ва ҳамроҳлари АҚШда ишлаб чиқарилган Bell 212 вертолёти бортида бўлишганини хабар қилган. Авиаҳалокат эронлик расмийлар якшанба куни Озарбайжон чегарасидаги Қиз қалъаси тўғони қўшма лойиҳаси очилишидан қайтаётган пайтда содир бўлган. 19 май куни Раисий билан учрашган ва “дўстона хайрлашган” Илҳом Алиев вертолёт “қаттиқ қўниш”ни амалга оширганига оид хабарлар пайдо бўлгани ортидан Эрон томонига ўз ёрдамини таклиф қилган.

Вертолётни қидириш ишлари 20 май тонгигача давом этган.

Аввалроқ исми ошкор қилинмаган эронлик мулозим Reuters агентлигига, юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, президентнинг ҳаёти “хавф остида” бўлиши мумкинлигини билдирган эди. Мамлакат расмийлари аҳолини президент учун дуода бўлишга чақиришган.

2021 йили мамлакат президенти этиб сайланган 63 ёшли Иброҳим Раисий норозилик чиқишларини аёвсиз бостирган қаттиққўл раҳбарлардан бири бўлиб ҳисобланган. У лавозимга келганидан буён мусулмон ахлоқига оид қонунларни кескинлаштирган ва Эрон ядровий дастури бўйича қудратли давлатлар билан музокараларни фаол олға суриб келган.

Давлат нашрларига кўра, айни пайтда Теҳронда ҳукуматнинг ошиғич мажлиси ўтказилмоқда.

Эрон қонунчилигида, мамлакат президенти вафот этган тақдирда, унинг ваколатлари президентнинг биринчи ўринбосарига ўтиши кўзда тутилган.

Айни пайтда Эроннинг биринчи вице-президенти Муҳаммад Мухбир бўлиб ҳисобланади.

Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, парламент спикери, суд ҳокимияти раҳбари ва президентнинг биринчи ўринбосаридан иборат кенгаш 50 кун ичида янги президент сайловини ташкил этиши лозим.

Вертолёт қулаган жойда об-ҳаво шароитининг ўта ёмон бўлгани қидирув ишларини қийинлаштирган

Эроннинг авиаҳалокат содир бўлган айтилаётган Шарқий Озарбайжон вилояти Теҳрондан тахминан 600 километр шимоли-ғарбда жойлашган бўлиб, Арманистон ва Озарбайжон билан чегарадош.

XS
SM
MD
LG