Ссылки доступа

Махтумқулининг 300 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги Ўзбекистон президентининг қарори Туркманистонда баҳсларга сабаб бўлмоқда


Туркманистонда яшайдиган маҳаллий ўзбеклар томонидан расмий туркман ҳукумати нега айни ҳурмат-эҳтиромни ўзбек маданиятига ҳам кўрсатмайди деган саволлар ҳам янграмоқда. 

19 февралда Шавкат Мирзиёев буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Бу қарор туркман жамиятида ижобий қабул қилинган бўлсада, баъзи мунозараларга сабаб бўлмоқда деб ёзади Озодлик радиосининг туркман хизмати.

Озодлик радиоси сухбатдошларининг айтишича, туркман зиёлилари Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатлари тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда Махтумқули Фироғийнинг ўлмас бадиий мероси икки халқ учун янада муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаган ва Ўзбекистон президентининг қарорини олқишлаган. Уларнинг айтишича, бундай қадамлар халқлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бироқ, Туркманистонда яшайдиган маҳаллий ўзбеклар томонидан расмий туркман ҳукумати нега айни ҳурмат-эҳтиромни ўзбек маданиятига ҳам кўрсатмайди деган саволлар ҳам янграмоқда.

“Ўзбекистонда Фироғийга катта ҳурмат билан қарашади, улар учун Маҳтумқули муҳим арбоб. Аммо Туркманистонда ўзбек шоирларига, умуман, ўзбек маданиятига ҳурмат йўқ, нега бундай?”, деб сўрамоқда этник ўзбеклар зич яшайдиган Магданли туманидаги мактаблардан бирининг адабиёт ўқитувчиси.

Унинг айтишича, қўшни Ўзбекистонда истиқомат қилувчи этник туркманлар нафақат мамлакат аҳолиси сифатида, балки алоҳида туркман маданияти вакили сифатида ҳурмат қилинади.

“Бироқ Туркманистонда эса ўзбек маданияти ҳақида умуман гапирилмайди. Хатто мамлакатда ўзбек деган қатлам борлигини унутишни ва унуттиришни истайдилар. Ўзбек милллатига мансуб аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда ҳам ўз она тилида таълим олишга рухсат йўқ", дейди Озодлик суҳбатдоши.

XS
SM
MD
LG