Баёнот 27 апрель куни берилган. Унда Тожикистон фуқароларига Россияга фақат шошилинч зарурат туғилгандагина бориш тавсия қилинмоқда. Аввалроқ Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин терактдан кейинги ножоиз ахборот кампанияси натижасида Россияда тожикистонликларга нисбатан салбий муносабат шаклланаётганидан шикоят қилган эди.
26 апрелда ТИВ Россияга киришда тожикистонликларга оммавий равишда тақиқлар қўйилаётганини маълум қилган эди. Бу тақиқлар асосан ёш йигитларга нисбатан қўлланилмоқда.
2023 йилда, Тожикистон Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, Россияга ишлаш учун 652 минг тожикистонлик борган. Тожикистон Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони бўйича Ўзбекистондан кейин, иккинчи ўринда туради. Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг учдан бир қисми муҳожирларнинг пул ўтказмалари ҳисобига ҳосил бўлади.
Россия иқтисодиёти, ўз навбатида, чет эллик ишчи кучига жуда муҳтож. 2023 йилда Саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Василий Осмаков ишчилар етишмаслигини иқтисодиётнинг "асосий муаммоси" деб атаган эди. Марказий банк маълумотларига кўра, иқтисодиётнинг барча тармоқларида ишчи кучи танқислиги фақатгина жиддийлашмоқда - корхоналарнинг қарийб 70 фоизига ишчи кучи етишмаяпти.