Ўзбекистонда 2024-2025 ўқув йили учун бюджет ҳисобидан туркман тилида таълим оладиган талабалар учун 60 ўринли квота ажратилган. Бу ҳақда turkmen.news нашри хабар берди.
"Қорақалпоқ давлат университетида туркман тили филологияси йўналиши бўйича 25 та ўрин ажратилган, Нукус педагогика институтида "Бошланғич таълим" мутахассислиги бўйича туркман тилида таълим олаётган талабалар учун 10 та, "Туркман тили ва адабиёти" йўналиши бўйича эса 25 та ўрин ажратилган", деб ёзади нашр 29 июль куни Ўзбекистон Таълим вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига таяниб.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, биргина Қорақалпоғистон автоном республикасида 100 мингдан ортиқ этник туркманлар истиқомат қилади.
Туркманистоннинг ўзида мамлакатда яшовчи этник озчиликлар, жумладан, ўзбеклар сони ҳақидаги маълумотлар ошкор қилинмайди. Сўнгги маълумотларга қараганда, Туркманистонда 2023 йилда 300 мингга яқин этник ўзбеклар яшаганлиги таҳмин қилинмоқда. Ўзбекистондаги этник туркманлар сони 200 минг кишини ташкил этади.
Ўзбек ОТМларида туркман тилида сўзлашувчи талабалар учун кетма-кет учинчи йил квоталар ажратилиши Туркманистондаги этник ўзбеклар муаммосига, жумладан, уларда она тилида таълим олиш имкониятининг йўқлиги масаласига яна бир бор эътибор қаратди.
"Қўшни давлатда яшовчи туркманлар учун ўз она тилида ўқиш имконияти яратилаётган бир пайтда Туркманистондаги этник ўзбеклар ҳали ҳам бундай имкониятга эга эмас. Бизда ҳам таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблар очилиши ва ўзбек тилида ўқитиладиган мутахассисликлар учун квоталар ажратилиши керак," - дейди исми сир қолишни сўраган Туркманободдаги давлат педагогика институти ўқитувчиси.
"Мамлакат ҳукумати томонидан кўп йиллар давомида илгари сурилаётган "туркманлаштириш" сиёсати этник озчиликларни нафақат она тилида таълим олиш ҳуқуқидан, балки кўплаб маданий ҳуқуқлардан ҳам маҳрум қилди," - дейди у.
Ўзбек ОТМларида туркман тилида сўзлашувчи талабалар учун кетма-кет учинчи йил квоталар ажратилиши Туркманистондаги этник ўзбеклар муаммосига, жумладан, уларда она тилида таълим олиш имкониятининг йўқлиги масаласига яна бир бор эътибор қаратди.