Эронда бортида президент Иброҳим Раисий бўлган ва мамлакат шимоли ғарбида туманли ҳавода, расмийлар таъбирича, "қаттиқ қўниш"ни амалга оширган вертолётни қидириш ишлари давом этмоқда.
Эрон ҳукуматига кўра, вертолёт Озарбайжон билан чегара яқинида парвоз қилаётган учта учқичдан иборат конвой таркибида бўлган. Иккита вертолёт Табриз шаҳрига қўнган, аммо президент ва бошқа расмийларни олиб бораётган учинчи вертолёт белгиланган манзилга етиб келмаган.
Вертолёт бортида Иброҳим Раисийдан ташқари, Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Абдуллоҳиян, Табриз бош масжиди имоми ва яна бир неча киши бўлган. Уларнинг аҳволи ҳозирча номаълум.
Қидирув операцияси давом этмоқда, деди Эрон Ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий. Унинг аниқлик киритишича, қутқарувчилар ноқулай об-ҳаво шароитида қийин релеф орқали вертолёт томон ҳаракатланмоқда. Хусусан, қидирув ишлари туман туфайли мураккаблашган. Эроннинг Тасним агентлиги маълумотларига кўра, вертолёт қўниш учун мўлжалланган жой олис тоғ ва ўрмонли ҳудудда жойлашган.
Ноқулай об-ҳаво шароити қидирув амалиётини қийинлаштиргани айтилади.
Ҳозирча вертолёт топилмади ва экипаж билан алоқа йўқ. Қутқарув операциясида камида 40 та гуруҳ иштирок этмоқда. Нашр этилган кадрлар ва видеоларда уларнинг деярли нол кўриниш шароитида ҳаракатланиши кўрсатилган.
Эрон Телеграм каналларининг хабар беришича, уч вертолётдан иборат карвон Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан бирга Эрон шимоли-ғарбидаги Ардабил вилоятининг Парсобод шаҳрида янги тўғон очилишидан қайтаётган эди. Расмийларни олиб кетаётган қолган икки вертолёт эсон-омон манзилига етиб келди.
Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилояти Теҳрондан тахминан 600 километр шимоли-ғарбда жойлашган бўлиб, Арманистон ва Озарбайжон билан чегарадош.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолётнинг фавқулодда қўндирилиши тўғрисидаги хабарни чуқур ташвиш билан қабул қилгани ва барча йўловчилар тез орада соғ-саломат топилишига умид қилаётганликлари"ни билдирди.
"Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вертолёт йўловчилари, жумладан Эроннинг юқори мартабали вакиллари тақдири ҳақидаги маълумотларни диққат билан кузатиб бормоқда.
Ўзбекистон томони зарурат бўлиши билан Эронлик дўстларимизга барча ёрдам кўрсатилишига тўлиқ тайёрлигини билдиради", дейилади баёнотда.