Ссылки доступа

Грузия президенти Россия андозасидаги “хорижий агентлар" тўғрисидаги қонунга вето қўйди


Бироқ ҳукмрон партия парламентда  ветосидан устун келиш учун етарли овозга эга.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили “Ташқи таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасига вето қўйди. Бироқ ҳукмрон руспараст партия парламентда ветосидан устун келиш учун етарли овозга эга.

“Бугун мен Конституциямизга, Европа стандартларига зид бўлган ва Европадаги истиқболимизга тўсиқ бўладиган “Россия қонуни”га вето қўйдим <...> Бу қонун бекор қилиниши керак”, деди Зурабишвили брифингда.

Қонун ташаббускори бўлган ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси президент ветосидан устун келиш учун етарли кучга эга – бунинг учун 77 депутат овоз бериши керак бўлади. Қонун лойиҳасини 14 май куни Грузия парламенти томонидан учинчи - якуний ўқишда 84 депутат маъқуллаган.

"Россия андозасидаги" қонуннинг муҳокамаси ва қабул қилиниши Тбилисидаги кўп минг кишилик кўча намойишлари манзарасида амалга ошган. Полиция парламент биноси олдида йиғилаётган намойишчиларга қарши тез-тез куч қўллаган, икки ўртада тўқнашувлар содир бўлди.

Баҳсли қонун қабул қилинса, ўз молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган барча ташкилотлар ва гуруҳлар хорижий агент ўлароқ рўйхатдан ўтишлари лозим бўлади. Қонун лойиҳаси ташаббускорлари қонун Грузияни чет элдан молиялаштириладиган норозилик акциялари, радикал партиялар ва пропагандачи медиадан ҳимоя қилиш учун зарурлигини айтишмоқда. Мазкур қонунни бузганлар йирик миқдорда жарима тўлашлари керак бўлади. Ҳужжат муаллифлари ундаги моддалар Россия қонунчилигидан эмас, АҚШ қонунчилигидан олинганини урғуламоқдалар.

Мухолифатчилар, хусусан, Михаил Саакашвилининг “Ягона миллий ҳаракат” партияси тарафдорлари қонун лойиҳаси фуқаролик жамиятига қарши қатағонларни машруълаштириб, Грузияни Ғарбдан юз буришига ва “Россия томонидан ютиб юборилиши”га олиб келишини иддао қилишмоқда.

XS
SM
MD
LG