Украина президенти Владимир Зеленский Киевда бўлиб ўтган “Қрим платформаси” иккинчи халқаро саммитида сўзлаган нутқида Россия томонидан аннекция қилинган Қрим “бошқа давлатлар билан маслаҳатлашмасдан, Украина расмийлари тўғри деб ҳисоблаган ҳар қандай йўл билан” Украина назоратига қайтарилишини айтди. Россия билан музокаралар ҳақида “сўз бўлмайди”, чунки Зеленскийнинг сўзларига кўра, Кремль “ҳеч қачон мулоқот ҳақида ўйламаган, фақат уруш олиб боришга тайёр”.
"2014 йилда улар бизнинг мамлакатимизни босиб олишга қарор қилишди ва дунё буни қўлламагани учун бироз чўзишди. Биз эса уларни юзига туширамиз", деди Зеленский.
Зеленский, шунингдек, Қрим деоккупация қилинганидан кейин Украина билан биргаликда Европа Иттифоқининг бир қисмига айланишига ва бу ярим оролда яшовчи одамлар учун “катта имкониятлар” очишига ишонч билдирди. “Қрим йўллари бутун Европа қитъасининг йўллари бўлади, Қрим портлари бутун Европа портлари бўлади, Симферополни Берлин билан, Ялтани Неапол билан боғлашга фақат Украина қодир”, — деди Украина президенти.
Киевда Қрим платформаси саммити онлайн тарзда ўтказилмоқда. Унда дунёнинг 60 давлатидан президентлар, бош вазирлар, сиёсий ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.
Украина ҳудудига қуролли босқин бошланганидан бери Россия ва Украина расмийлари ўртасида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш шартлари бўйича бир неча бор музокаралар бўлиб ўтди, бироқ улар ҳеч қандай натижа бермади. Бундай учрашувларнинг охиргиси март ойи охирида Истанбулда бўлиб ўтган. Украина урушни тугатишнинг асосий шартларидан бири сифатида рус қўшинларининг 24 февраль куни эгаллаб олган позицияларига қайтишини қўймоқда. Россия эса босиб олинган бир қатор ҳудудларни ҳеч қачон тарк этмаслигини эълон қилади.
Февраль ойи охиридан бери Россия Луганск вилоятини, шунингдек, Украинанинг Донецк, Херсон ва Запороже вилоятларининг катта қисмини деярли бутунлай эгаллаб олди. Ушбу ҳудудларда ташкил этилган ишғол ҳокимияти Россияга қўшилиш бўйича референдумлар тайёрланаётганини бир неча бор эълон қилди.