Ссылки доступа

Бош прокуратура: Январь воқеалари бўйича 243 нафар шахс судланган


Қозоғистонда январь воқеаларидан кейин қўзғатилган ишлар бўйича 243 киши судланди, деди Қозоғистон Бош прокуратураси спикери 25 апрель куни бўлиб ўтган брифингда.

Департамент вакили озодликдан маҳрум қилиш жазолари сонини айтмади. Прокуратура маълумотларига кўра, жами 265 та жиноят иши судларга юборилган.

19 апрель куни судлар 214 кишига ҳукм чиқарган, шундан 20 нафари қамоқ жазосига ҳукм қилингани маълум эди.

Қозоғистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 25 апрель куни 585 нафар гумонланувчи ҳибсга олинган бўлиб, улар тергов маълумотларига кўра «погромлар, биноларга ўт қўйиш, ўқотар қуролларни ўғирлаш, давлат объектлари ва ходимларига қуролли ҳужумларда фаол иштирок этган».

Бош прокуратура спикери Елдос Қилимжонов Олмаота аэропортига уюштирилган ҳужум ишига ҳам тўхталди.

«2022 йил 5 январь куни «Н» бир гуруҳ одамлар ичида Олмаота аэропорти учиш-қўниш йўлагининг ёритгичини ўчириб қўйган. «Н» ўз ҳаракатлари билан стратегик объект фаолиятини фалаж қилди, натижада йўловчилари бўлган самолёт ҳавога кўтарила олмади ва 10 соатдан ортиқ учиш-қўниш йўлагида қолишга мажбур бўлди. Айни шу пайтда қуролли гуруҳ Олмаота аэропорти биносида погром ва ўғирликлар содир этган», — деди Қилимжонов.

Гумонланувчи «Н»га нисбатан тергов «террорчилик акти» моддаси бўйича иш олиб бормоқда.

Ўтган ой охирида транспорт полицияси Олмаотадаги полиция бўлимлари ва аэропорт биносига уюштирилган ҳужумда гумонланувчини қўлга олганини маълум қилган эди. Аввалроқ прокуратура ўзининг олдинги брифингларидан бирида Олмаота аэропортининг полиция бўлими бошлиғи объектни қўриқсиз қолдиргани, «натижада аэропорт инфратузилмасига, тадбиркорларнинг мулкига зарар етганини маълум қилганди.

Елдос Қилимжонов душанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилишича, Чимкент шаҳар прокуратураси саккиз кишини оммавий тартибсизликларда иштирок этганлик, хусусан, «погромлар, мулкни йўқ қилиш ва транспорт воситаларини ўт қўйиш»да айблаб судга тортган.

Умумий ҳисобда, Бош прокуратура маълумотларига кўра, 25 апрель ҳолатига кўра, терговда январь воқеалари бўйича 5041 та жиноят иши, жумладан, оммавий тартибсизликлар бўйича 49 та, террорчилик ҳаракатлари бўйича 45 та жиноят иши мавжуд.

Материалы по теме

XS
SM
MD
LG