Ссылки доступа

Туркиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Усмон Кавала умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Осман Кавала (архив фото)
Осман Кавала (архив фото)

Истанбул суди туркиялик инсон ҳуқуқлари фаоли, тадбиркор ва филантроп Усмон Кавалани шартли озодликка чиқиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

64 ёшли жамоат арбоби 2013 йилда Туркиядаги оммавий норозилик намойишлари муносабати билан ҳукуматни ағдаришга уринишда айбдор деб топилди.

Шу билан бирга, суд далиллар йўқлиги сабабли Каваладан жосуслик айбловларини олиб ташлади. Бу иш бўйича яна етти нафар айбланувчи давлат тўнтаришига уринишда ёрдам берганликда айбланиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилди. Кавала ва бошқа айбланувчилар барча айбловларни рад этишмоқда.

Amnesty International ҳукмни абсурд деб атади. «Бу ҳукм нафақат Усмон Кавала, балки бошқа айбланувчилар, уларнинг оилалари, Туркия ва ундан ташқарида адолатга ишонган ҳар бир инсон учун ҳалокатли зарба бўлди», деди Amnesty International ташкилотининг Европа бўйича директори Нилс Муижниекс.

Кавала 2013 йилда Истанбулдаги Гези боғида ҳукуматга қарши намойишларни молиялаш ва уюштирганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Экологик акция сифатида бошланган оммавий норозилик намойишлари сиёсий томошага, полициянинг аралашуви ва уларнинг шафқатсиз зўравонлигидан сўнг тартибсизликларга айланди.

2020 йил февраль ойида суд Кавалани оқлади. Бироқ, у озодликка чиқмади. Ўша куни прокуратура уни ҳибсга олиш учун янги ордер берди, унда Каваланинг Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш ва Эрдўғонни ағдаришда, шунингдек, жосуслик фаолиятида иштирок этиши эҳтимоли борлиги айтилади.

2021 йил октябрь ойида Германия, Франция ва АҚШ каби ўнта давлатнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари қўшма мурожаатнома билан чиқишган ва унда Кавалани озод қилишга чақирган эди. Бунга жавобан Эрдўғон бу давлатларнинг элчиларини Туркиядан чиқариб юбориш билан таҳдид қилган. Шундан сўнг улар дипломатлардан мезбон давлатнинг ички ишларига аралашмасликни талаб қилувчи Вена конвенциясига риоя қилишга ваъда берган баёнотлар билан чиқишди.

Усмон Кавала Туркияда жуда машҳур шахс бўлиб, ўз фаолиятини ўтган асрнинг 90 йилларида бошлаган. У инсон ҳуқуқлари, ўрмонларнинг кесилиши ва тупроқ эрозиясига қарши курашгача бўлган турли лойиҳалар билан шуғулланган кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотларининг асосчиси ҳисобланади.

Кавала Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг саховатли ҳомийси сифатида ҳам танилган. 2002 йилда Кавала томонидан асос солинган жамғарма курдларнинг маданий лойиҳаларини молиялаштиради ва суриялик қочқинларни қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, Усмон Кавала Туркиядаги Жорж Сорос томонидан яратилган халқаро грантлар тармоғининг асосчиларидан бири бўлган ва у 2018 йилда расмийлар босими туфайли Туркиядаги фаолиятини тўхтатган.

Материалы по теме

XS
SM
MD
LG