Ссылки доступа

Арманистон ўз ҳудудида КХШТ ҳарбий машғулотларини ўтказишдан бош тортди


Арманистон Мудофаа вазирлиги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг 2023 йилги ўқув машғулотларини мамлакат ҳудудида ўтказишни мақсадга мувофиқ эмас, деб топди ва ташкилотни қароридан хабардор қилди.

«Арманистон мудофаа вазири аллақачон ёзма равишда КХШТдаги ҳамкасбларига бундай вазиятда биз КХШТ машғулотларини Арманистонда ўтказишни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламаслигимиз ҳақида маълум қилган. Бу машғулотлар, катта эҳтимол билан бу йил Арманистонда ўтказилмайди», — деди бош вазир.

«Бундай вазият» деганда нимани назарда тутаётганига Пашинян изоҳ бермаган.

Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги КХШТ тинчликпарвар контингентларининг «Мустаҳкам биродарлик – 2023» қўшма машғулотлари Арманистон ҳудудида ўтказилишини маълум қилганди. Вазирлик ҳали Пашиняннинг баёнотига изоҳ бермади.

2022 йилнинг сентябрь ойида Арманистон Озарбайжон билан чегарасидаги нотинчлик туфайли Қозоғистонда ўтказилаётган КХШТ машғулотларида иштирок этишдан бош тортганди.

Октябрь ойида Қирғизистон Мудофаа вазирлиги КХШТ тинчликпарвар кучлари билан «Мустаҳкам биродарлик – 2022» қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларини бекор қилганди. Ўқув машғулотлари 10—14 октябрь кунлари Иссиқкўл вилоятининг Балиқчи шаҳрида бўлиб ўтиши керак эди. Республика КХШТ машғулотларининг бекор қилинишига Тожикистон билан зиддиятни сабаб қилиб келтирди.

XS
SM
MD
LG