Ссылки доступа

Ашхободда энди нормадан ортиқ нон сотиб олганлар 15 суткага қамалади


Ашхабад (иллюстративное фото)

Туркманистон давлат дўконларида ун ва нон тақчиллиги кучайгани сабабли Ашхобод ҳукумати нон савдоси устидан назоратни яна кучайтирди.

Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари белгиланган миқдордан ортиқ нон сотиб олган фуқароларни аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун улар видео ва камералардан фойдаланмоқда.

Туркманистон пойтахтидаги «Озодлик» радиоси мухбирига кўра, шу кунларда полиция ходимлари давлат дўконларига бориб, навбатда турган аҳолини сурат ва видеога олишмоқда.

«Улар харидорларни белгиланган меъёрдан ортиқ нон сотиб олмоқчи бўлганлар 15 кунга ҳибсга олиниши ҳақида огоҳлантирмоқда», деди ўзини таништирмасликни сўраган ашхободлик фуқаро.

Мухбиримизнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб хабар беришича, ун савдосидаги суиистеъмолликда айбланиб, бир неча юқори лавозимли амалдорлар узоқ муддатга қамалган.

Туркманистон давлат дўконларида ҳар бир фуқарога минтақага қараб икки ёки уч бўлак нон берилади. Хусусий савдогарлар учун бир дона нон 5-10 манат бўлса, давлат дўконларида бир дона нон 60 тангадан имтиёзли нархда сотилмоқда.

Ашхобод ҳокимияти қайта-қайта навбатда турган ва белгиланган меъёрдан ортиқ нон сотиб олган фуқароларни ҳибсга олишни бошлагани ҳақида илк бор шу йил бошида мухбирларимиз хабар берган эди.

Сўнгги йилларда Туркманистондаги иқтисодий аҳвол ёмонлашгани ва ишсизликнинг юқори даражаси фонида аксарият оилалар субсидияланган нонга қарам бўлиб қолган.

Буғдой етиштириш бўйича давлат режаси ортиғи билан бажарилгани ҳақидаги иддаоларга қарамай, мамлакат мутасаддилари узоқ йиллардан буён аҳолини ун ва нон билан таъминлашда жиддий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Давлатга қарашли дўконлар олдида катта навбатлар ҳосил бўлади, лекин кўпинча нон ҳаммага етмайди, шунинг учун ҳам аҳоли ўртасида муштлашув келиб чиқади.

Эслатиб ўтамиз, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш масаласи, хусусан, узун навбатлар муаммоси янги президент Сердар Бердимуҳамедов сайланишидан олдин ҳам сўнгги бир неча йил давомида диққат марказида бўлган эди.

XS
SM
MD
LG